Марказий банк эълон қилган маълумотларга кўра, 2026 йил 1 август ҳолатига мамлакатда муомаладаги банк карталарининг умумий сони 75 миллион 686 минг донадан ошди. Июль ойи давомида кўрсаткич 1 миллион 74 минг донага кўпайган.

Манба: Марказий банк
Ўтган икки ой ичида пластик карталар сони жами 2,1 миллион донага (ойига ўртача 1 млн донадан) кўпайган.
Карталар сонининг ўсишида рақамли банклар ва рақамли хизмат каналларини ривожлантираётган банклар етакчилигича қолмоқда. Хусусан, бир ой ичида карталар сони Uzum Bank'да 216,9 минг донага, Hamkorbank'да 188,2 минг донага, Гарант банкда 142,0 минг донага, ANORBANK'да 127,7 минг донага ҳамда Халқ банкида 118,1 минг донага кўпайган.
Шу билан бирга, бир нечта банкда карталар сонининг қисқариши кузатилган. Хусусан, Капиталбанкда 25,0 минг дона, Асакабанкда 12,3 минг дона ва Ориент Финанс банкда 10,2 минг донага камайиш қайд этилган.
Йирик эмитентлар
1 август ҳолатига муомаладаги карталари сони 5 миллион донадан ошган банклар сони олтитани ташкил этади. Уларга Халқ банки (12,1 млн дона), Uzum Bank (7,2 млн дона), Агробанк (6,8 млн дона), Ипотека-банк (5,7 млн дона), Hamkorbank (5,2 млн дона) ва ANORBANK (5,1 млн дона) киради.
Ўзмиллийбанк (4,3 млн дона), Ипак Йўли банк (3,8 млн дона), TBC Bank (3,6 млн дона), Ўзсаноатқурилишбанк (3,1 млн дона) ва Алоқабанк (3,0 млн дона) хизмат кўрсатаётган карталар сони эса 3 миллион донадан ошади.
Кўрсаткич банкнинг мижозлар базасини эмас, эмиссия қилинган карталар сонини англатади — бир мижоз бир нечта картага эга бўлиши мумкин.
Ўрнатилган тўлов терминаллари
Тўлов терминаллари тармоғи июнь ойи якунига нисбатан 5 354 тага кўпайиб, 1 август ҳолатига 453,5 мингтага етди. Ой давомида терминаллар сонининг ўсишида Hamkorbank (+1 710 та), Ипотека-банк (+1 210 та), Ўзсаноатқурилишбанк (+441 та), Ориент Финанс банк (+344 та) ва Гарант банк (+295 та) етакчилик қилди.
Шунингдек, 6 та банкда — Алоқабанк (-58 та), Ипак Йўли банк (-42 та), Капиталбанк (-14 та), KDB Bank (-7 та), Халқ банки (-6 та) ва Ўзмиллийбанкда (-1 та) — терминаллар сони июль ойи давомида камайган.
Банкомат ва инфокиосклар
Июль ойи давомида банкомат ва инфокиосклар тармоғи 331 тага кўпайиб, уларнинг умумий сони 47 мингдан ошди.
Ушбу инфратузилманинг кенгайишида асосий улуш яна тўлов ташкилотларига тўғри келди (+158 та). Тижорат банклари орасида Ўзмиллийбанк (+113 та) юқори ўсишни қайд этди. Ўтган ойда фақат Бизнесни ривожлантириш банкида банкоматлар сони қисқарган (-5 та).
Тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар
2026 йил январь–июль ойлари давомида тўлов терминаллари орқали жами 387,4 триллион сўмдан ортиқ тушум қайд этилган. Битта тўлов терминалига етти ой мобайнида ўртача 854 миллион сўм тушум тўғри келган. Тушум ҳажми бўйича Алоқабанк, Ўзмиллийбанк, TBC Bank, Hamkorbank ва Ипак Йўли банк етакчи ўринларни эгаллаган.
