Марказий банкнинг микромолия ташкилотлари муаммоли кредитлари бўйича маълумотларига кўра, 2026 йил 1 июль ҳолатига рўйхатда 136 та ММТ қайд этилган — йил бошидаги 132 тага нисбатан 4 тага кўп. Уларнинг 122 таси реал кредит портфелига эга, қолган 14 таси эса ҳисобот санасида кредит қолдиғини кўрсатмаган.

Манба: Марказий банк маълумотлари асосида Bankers.uz ҳисоб-китоби
Умумий манзара: ўсиш банк тизимидан етти баробар тез
Ярим йил ичида ММТларнинг умумий кредит портфели 5,12 триллион сўмга (+47,3%) ошди. Таққослаш учун: тижорат банкларининг кредит портфели шу давр ичида 6,4 фоизга кенгайган.
Муаммоли кредитлар эса портфелдан ҳам тезроқ — 136,0 миллиард сўмга (+51,6%) кўпайди. Натижада NPL улуши 2,43 фоиздан 2,50 фоизга (+0,07 банд) кўтарилди.
Таққослаш учун: банк тизимида NPL улуши шу давр ичида 2,99 фоиздан 3,57 фоизга (+0,58 банд) ошган.
Концентрация: бешта ташкилот бозорнинг 64 фоизини эгаллаган
Микромолия бозори юқори даражада концентрациялашган. Кредит портфели бўйича энг йирик бешта ММТ жами портфелнинг 64,0 фоизини, ўнталик эса 74,4 фоизини назорат қилади. Йил бошида бу кўрсаткичлар мос равишда 68,0 ва 78,7 фоизни ташкил этган эди — демак, янги йирик иштирокчиларнинг кириб келиши концентрацияни бироз пасайтирган.
Бозор етакчиси TEZCOIN портфелини 3 459,8 миллиард сўмдан 5 876,1 миллиард сўмга (+69,8%) оширди ва бозордаги улушини 31,9 фоиздан 36,8 фоизга кўтарди. Эътиборли жиҳати шундаки, ташкилот шу қадар жадал ўсиш шароитида ҳам NPL улушини 2,24 фоиздан 1,92 фоизга (−0,31 банд) туширди. Шу билан бирга, мутлақ ҳисобда унинг муаммоли кредитлари 77,5 миллиард сўмдан 113,1 миллиард сўмга ошди ва бу бутун сегментдаги муаммоли қарзларнинг 28,3 фоизини ташкил этади.
Иккинчи ўриндаги SHAFFOF-MOLIYA портфелини 1 863,8 миллиард сўмдан 1 774,2 миллиард сўмга (−4,8%) қисқартирди, NPL улуши эса 3,82 фоиздан 3,88 фоизга ўзгарди. Унинг ҳиссасига сегмент муаммоли кредитларининг яна 17,2 фоизи тўғри келади. Бошқача айтганда, бор-йўғи иккита ташкилот бутун микромолия бозоридаги муаммоли қарзларнинг 45,5 фоизини шакллантирмоқда.
Ярим йилликнинг энг йирик янги иштирокчиси — TBC CREDIT. Унинг портфели 35,3 миллиард сўмдан 806,9 миллиард сўмга сакраб, бозорда тўртинчи ўринни эгаллади. NPL улуши эса 0,07 фоиз даражасида — портфелнинг деярли тўлиқ янгилиги билан изоҳланади.
Вазият кескин ёмонлашган ташкилотлар
Кредит портфели 50 миллиард сўмдан ортиқ ММТлар орасида энг кескин ёмонлашиш қуйидагиларда кузатилди:
- YANGI FINANCE — NPL улуши 7,39 фоиздан 24,23 фоизга (+16,84 банд) сакради. Ташкилот портфелини 105,3 миллиард сўмдан 65,6 миллиард сўмга (−37,7%) қисқартирган, муаммоли қарзлари эса 7,8 миллиарддан 15,9 миллиард сўмга ошган.
- KORONA — портфелини 10,1 миллиард сўмдан 261,7 миллиард сўмга кенгайтирди, аммо йил бошида нолга тенг бўлган муаммоли кредитлари 26,8 миллиард сўмга етди (10,25%). Бу — сегментдаги NPLнинг мутлақ ўсиши бўйича иккинчи натижа.
- CASH POINT — 1,03 фоиздан 4,43 фоизга (+3,41 банд).
- ALOQA FINANCE DEVELOPMENT — 0,69 фоиздан 3,88 фоизга (+3,19 банд), портфели эса 2,5 баробар ошган.
- OLTIN YULDUZ PLUS — 1,66 фоиздан 3,28 фоизга (+1,61 банд), портфели 2,3 баробар кенгайган.
- PAYLATER — 7,48 фоиздан 9,09 фоизга (+1,61 банд).
Вазиятни яхшилаганлар
Тескари йўналишдаги силжиш ҳам кузатилди. PULMANда NPL улуши 5,12 фоиздан 2,22 фоизга (−2,91 банд), EHTIROM PLUSда 3,32 фоиздан 1,76 фоизга (−1,56 банд), AGAT CREDITда 3,94 фоиздан 2,95 фоизга (−0,98 банд) тушди. FAST FINANCING SERVICE кўрсаткичини 0,91 фоиздан 0,43 фоизга яхшилади.
Ҳисобот санасида 24 та ММТ муаммоли кредитларсиз ишламоқда (йил бошида 28 та эди). Улар орасида портфели энг йириклари — COMMUNITY MIKROFINANCE (260,6 миллиард сўм), BRIGHT FUTURE FINANCING (248,9 миллиард сўм), BIZNESGA KO'MAKLASHISH (186,8 миллиард сўм), URBAN FINANCE SOLUTIONS (136,2 миллиард сўм) ва SARMOYACHI GROUP (83,5 миллиард сўм). Бу ташкилотларнинг аксарияти бозорга яқинда кирган ва портфели ҳали ёш.
Кичик ташкилотлардаги юқори риск
Сегмент ўртачаси 2,50 фоиз бўлса-да, айрим ММТларда кўрсаткич ўнлаб маротаба юқори. Ҳозирда 46 та ташкилотда NPL улуши 5 фоиздан ошган — йил бошида бундайлар 32 та эди. Энг юқори кўрсаткичлар KREDITOMAT TASHKENT (85,32%), SILVER FINANCE (69,83%), TURON MIKROMOLIYA (61,10%) ва SIRIUS KREDIT (56,32%)да қайд этилди.
Шу билан бирга, бу ташкилотларнинг портфели 0,1–14 миллиард сўм оралиғида бўлгани сабабли улар сегментнинг умумий кўрсаткичига деярли таъсир қилмайди. Портфели 10 миллиард сўмдан ортиқ 73 та ММТ бўйича NPL улушининг медианаси 2,21 фоизни ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, Bankers.uz нашри аввалроқ тижорат банкларининг 2026 йил биринчи ярми NPL натижаларини таҳлил қилган эди.
