Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси ходимлари томонидан амалга оширилган терговга қадар текширувда йирик миқдордаги кредит маблағларини ноқонуний йўл билан ўзлаштириш ҳолати аниқланди.
Қайд этилишича, "T.K." МЧЖ таъсисчиси Ш.Ш. ҳамда унинг шериклари олдиндан тил бириктириб, бошқа МЧЖ номига тижорат банкининг Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармасидан олинган кредит гаров таъминотидан фойдаланиб, кредит олишга эришган.
Айбланувчилар мазкур мулкка нисбатан сохта ҳужжатлар тайёрлаб, уни такроран гаровга қўйишган. Сохта гаров асосида Андижон вилоятидаги бошқа бир тижорат банкидан 25 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилишига эришилган ва ажратилган маблағ талон-торож қилинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
