Валюта биржасидаги савдолар вақти яна икки соатга узайтирилди

03.08.2026 12:41

81

Жорий йил 10 августдан бошлаб валюта биржасидаги кунлик савдо сессияси яна икки соатга узайтирилди, энди савдолар ҳар иш кунлари соат 10:00 дан 17:00 гача давом этади. Марказий банкнинг расмий валюта курси эса соат 17:30 да эълон қилинади.

Фото: NOVA24.uz

Марказий банк мамлакат Валюта биржасидаги (ЎзРВБ) кунлик савдо сессиялари регламентини 10 августдан бошлаб узайтириш бўйича қарор қабул қилди. Эндиликда, савдолар вақти яна 2 соатга кенгайтирилиб, соат 10:00 дан 17:00 гача этиб белгиланмоқда.

Регуляторнинг қайд этишича, ушбу чора ички валюта бозори инфратузилмасини янада ривожлантириш ҳамда тижорат банкларининг операцион имкониятларини кенгайтиришга қаратилган бўлиб, тизим ва бизнес учун қуйидаги қулайликларни яратади.

Хусусан, бу кун давомида валюта ликвидлигини янада самарали ва эгилувчан бошқариш, тадбиркорларнинг импорт-экспорт тўловларини ўз вақтида бажариш, шунингдек, хорижий валютадаги ҳисоб-китоблар ва ўтказмалар узлуксизлигини таъминлашга имкон беради.

Бундан ташқари, биржа савдолари вақти кенгайтирилгани муносабати билан Марказий банк томонидан белгиланадиган 74 та хорижий валютанинг сўмга нисбатан расмий курси эндиликда ҳар бир банк иш куни соат 17:30 да регуляторнинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши белгиланди. Кунлик янгилаб бориладиган маълумотлар Марказий банкнинг расмий веб-сайтидаги "Валюталар курслари архиви" бўлимида жойлаштириб борилади.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Валюта биржасидаги савдо сессиялари соат 15:00 гача давом этади, Марказий банкнинг расмий валюта курси эса соат 16:00 атрофида эълон қилинади.

Теглар:

#валюта#Валюта_биржаси

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган