Ўзбекистонда омонатлардан олинадиган даромадларга солиқ солиш таклиф қилинди

30.07.2026 14:21

229

Фискал тадқиқотлар институти банк омонатлари бўйича фоиз даромадларга 5 фоизли даромад солиғини жорий этишни таклиф қилди. Институт бу орқали бюджетга йилига қарийб 1,4 триллион сўм қўшимча тушум келтириши мумкинлигини айтган.

Фото: Kursiv

Тошкент шаҳрида ўтказилган «Фискал мулоқот» тадбирида омонатдан олинадиган фоиз кўринишидаги даромадларга солиқ солиш таклиф қилинди. Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинган тадбирда институт омонат фоизлари бўйича амалдаги солиқ имтиёзини бекор қилиш ташаббусини илгари сурган.

Ҳозирча бу фақат институтнинг таклифи ҳисобланади. Омонат фоизларига солиқ жорий этилиши учун Солиқ кодексига тегишли ўзгартишлар киритилиши ва улар белгиланган тартибда қабул қилиниши керак.

Амалдаги Солиқ кодексининг 378-моддасига кўра, жисмоний шахсларнинг банклардаги омонатлари бўйича оладиган фоизлари ва ютуқлари даромад солиғидан озод этилган. Шу билан бирга, кодекснинг 381-моддасида дивидендлар ва бошқа фоиз кўринишидаги даромадлар учун 5 фоизли солиқ ставкаси белгиланган.

Институтнинг қайд этишича, омонатлардан олинадиган фоизлар 1998 йилдан буён солиқдан озод қилинган. Натижада депозит фоизлари пассив даромаднинг солиқ солинмайдиган асосий турларидан бирига айланган.

Таққослаш учун: дивиденд даромадларига 5 фоиз, ижара, роялти ва капитал қийматининг ўсишидан олинадиган даромадларга эса, одатда, 12 фоиз ставка қўлланади.

Бошқача айтганда, жисмоний шахс акциядан олган дивидендидан солиқ тўлайди, шу маблағни банкка омонатга қўйиб фоиз олса — тўламайди. Институт айнан шу номутаносибликни бартараф этишни таклиф қилмоқда.

Эътиборли жиҳати, имтиёз фақат резидентларга тегишли. Кодекснинг 382-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон норезидентлари депозит фоизларидан олинган даромадга 10 фоиз миқдорида солиқ тўлайди. Яъни, таклиф қабул қилинган тақдирда ҳам резидентлар учун белгиланадиган ставка норезидентларникидан икки баробар паст бўлади.

Марказий банк маълумотига кўра, 2026 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистон банкларидаги жисмоний шахслар депозитлари 179,8 триллион сўмни ташкил этган.

Фото: Bank va Mijoz / Telegram

Институт ҳисоб-китобида омонатларнинг ўртача йиллик даромадлилиги 16 фоиз деб олинган. Бундай шароитда жисмоний шахслар бир йил давомида қарийб 27,2 триллион сўм фоиз даромади олиши мумкин. Ушбу суммага 5 фоиз солиқ қўлланса, бюджет тушуми тахминан 1,36 триллион сўмни ёки яхлит ҳисобда 1,4 триллион сўмни ташкил этади.

Механизм қуйидагича ишлайди: банкка йиллик 16 фоиз ставкада 100 млн сўм қўйган омонатчи бир йилда 16 млн сўм фоиз даромади олади. Таклиф этилаётган солиқ фақат шу фоиз даромадидан ундирилса, унинг миқдори 800 минг сўмни, омонатчининг соф даромади эса 15,2 млн сўмни ташкил қилади. Омонатнинг асосий 100 млн сўмлик қисмига солиқ солинмайди.

Ҳисоб-китобда қўлланилган 16 фоизли ўртача даромадлилик амалдаги бозор ставкаларидан анча паст. Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил март ойи якунларига кўра аҳоли омонатлари бўйича ўртача ставка 20,5 фоизни, миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича ўртача номинал ставка эса 18,1 фоизни ташкил этган.

Агар ҳисоб-китоб 18 фоизли даромадлиликка асосланса, потенциал фоиз даромади 30,6 триллион сўмга, солиқ тушуми эса қарийб 1,53 триллион сўмга етади. 20,5 фоизда бу кўрсаткич мос равишда 34,9 триллион сўм ва 1,74 триллион сўмни ташкил қилади.

Шу билан бирга, 16 фоизли фараз ҳам асоссиз эмас. 170,2 триллион сўмлик умумий кўрсаткич таркибида нафақат муддатли сўм омонатлари, балки талаб қилиб олингунча сақланадиган ва карта ҳисобварақларидаги қолдиқлар, шунингдек чет эл валютасидаги депозитлар ҳам мавжуд. Уларнинг даромадлилиги муддатли сўм омонатларига нисбатан бир неча баробар паст. Институтнинг ўзи ҳам ҳисоб-китоб шартли эканини, амалдаги тушум омонатларнинг муддати, валютаси, фоиз ставкаси ва солиқ имтиёзлари мавжудлигига қараб фарқ қилишини қайд этган.

Умуман олганда, бу солиқ базасининг ҳисобланиши ва ундириш механизми — тўловчи омонатчими ёки солиқ агенти сифатида банкми, барча омонатларга бир хил ёндашиладими ёки муддат ва валюта бўйича табақалаштириладими — таклифнинг ҳал қилинмаган жиҳати бўлиб қолмоқда.

Институт ташаббусни асослашда хорижий давлатлар тажрибасини келтирган. Тақдимотда банк депозитлари фоизларини солиққа тортиш бўйича қуйидаги ставкалар кўрсатилди:

  • Қозоғистон, Озарбайжон, Ҳиндистон — 10 фоиз
  • Таиланд — 15 фоиз
  • Индонезия — 20 фоиз
  • Германия — 26,4 фоиз
  • Туркия — 15–40 фоиз

Айни пайтда бу рақамлар ортидаги тартиб-қоидалар бир-биридан сезиларли фарқ қилади ва аксарият мамлакатларда ставка ёлғиз ўзи қўлланилмайди — у имтиёз, чегара ва муддат шартлари билан бирга келади.

Озарбайжонда 2023 йил 1 февралдан омонат фоизлари тўлов манбаида 10 фоиз ставкада солиққа тортилади. Бироқ 2024 йил 1 январдан миллий валютадаги 18 ой ва ундан ортиқ муддатга жойлаштирилган омонатлар бўйича фоиз даромади уч йил давомида ушбу солиқдан озод қилинган. 18 ойдан қисқа муддатли омонатлар бўйича эса ойига 200 манатгача бўлган даромад солиқ солинмайди.

Ҳиндистонда 10 фоизли ставка тўлов манбаида ушлаб қолинадиган солиқ (TDS) сифатида қўлланади ва у автоматик тарзда эмас, балки чегара ошилгандагина ишлайди: молия йили давомида битта банкдаги фоиз даромади 50 минг рупиядан (пенсия ёшидагилар учун 100 минг рупиядан) ошса. Солиқ тўловчи идентификация рақами тақдим этилмаган ҳолларда ставка 20 фоизга кўтарилади.

Таиландда фоиз даромади 15 фоиз ставкада ушлаб қолинади, аммо жамғарма ҳисобварағидан йил давомида олинган фоиз 20 минг батдан ошмаса, у солиқдан озод қилинади.

Индонезияда депозит фоизларига 20 фоизли якуний солиқ (PPh final) қўлланади ва у қарийб йигирма йилдан буён ўзгармай келмоқда. Бунда 7,5 млн рупиягача бўлган омонатлар солиқдан ташқарида қолади.

Германияда 26,4 фоиз — бу 25 фоизли капитал даромадлари солиғи (Abgeltungsteuer) ва унинг устига қўшиладиган 5,5 фоизли бирдамлик йиғимидан шаклланадиган якуний юк. Айни пайтда мамлакатда жамғарувчилар учун йиллик солиқдан озод қилинган миқдор амал қилади — якка тартибдаги солиқ тўловчилар учун 1 000 евро, эр-хотин учун 2 000 евро.

Туркияда тақдимотда келтирилган 15–40 фоизли оралиқ қонунчиликда белгиланган базавий ставкаларга тегишли. Амалда эса ҳукумат қарори билан вақтинчалик пасайтирилган ставкалар қўлланиб келинмоқда: лира омонатлари бўйича бир йилгача бўлган муддатда 7,5 фоиз, бир йилдан ортиқ муддатда 5 фоиз. Ставкалар мунтазам равишда узайтириб борилади.

Қозоғистонда эса резидент жисмоний шахсларнинг мамлакат банкларидаги омонатлари бўйича фоиз даромадлари Солиқ кодексига мувофиқ солиқ солинадиган даромад таркибидан чиқарилган. 10 фоизли ставка, биринчи навбатда, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ҳисобварақлар ҳамда хорижий банклардаги омонатлардан олинган даромадларга нисбатан қўлланади.

Бошқача айтганда, тақдимотда келтирилган ставкалар мамлакатлар ўртасидаги солиқ юкини тўғридан-тўғри таққослаш имконини бермайди — уларнинг ҳар бири ортида ўз имтиёзлар тизими турибди.

Таклиф муҳокамага чиқарилаётган пайтда Ўзбекистондаги депозит бозорида ставкалар пасайиш босқичида турибди. Марказий банк маълумотларига кўра, миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича ўртача номинал ставка 2022 йил мартидан бери энг паст даражага тушган, корпоратив депозитлар қиймати эса 15,5 фоизгача пасайган.

Шунга қарамай, депозитларнинг умумий ҳажми ўсишда давом этмоқда: 2026 йил 1 июль ҳолатига у 473,8 триллион сўмни ташкил этган. Айни пайтда бозорда давлат иштирокидаги банклар улуши ортиб бормоқда.

Бундай шароитда фоиз даромадига солиқ жорий этилиши омонатларнинг соф даромадлилигини камайтиради ва аҳолининг жамғарма қарорларига таъсир кўрсатиши мумкин. Таклифнинг сўнгги кўриниши ҳамда унда имтиёз чегаралари, муддат ва валюта бўйича табақалаштириш кўзда тутиладими — Солиқ кодексига киритиладиган ўзгартишлар лойиҳаси эълон қилингандан сўнг маълум бўлади.

Теглар:

#депозит#омонат

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган