Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида тезкор тадбир ўтказилди. Унда кредит ажратиш билан боғлиқ йирик ноқонуний ҳолатга чек қўйилди.
Маълум қилинишича, хусусий акциядорлик тижорат банкларидан бирининг Олмазор филиали банк хизматлари маркази юристи ҳамда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида яшовчи, муқаддам судланган шахс (1979 йилда туғилган) ўзаро тил бириктирган.
Улар тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган фуқаронинг ишончига кириб, унинг номига 3,5 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратиб беришни ваъда қилишган.
Порахорлар ўз «хизмати» эвазига ажратиладиган кредит суммасининг 12 фоизини, яъни 420 минг АҚШ долларини талаб қилишган.
ДХХ ва Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида гумонланувчилар сўралган маблағдан 50 минг АҚШ долларини олдиндан олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, уларга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
