«Золотая Корона» ўтказмалари санкциялар сабаб янги операторга ўтказилади

29.07.2026 16:08

175

Ўзбекистон банклари "Золотая корона"нинг банк-корреспондентига нисбатан Евроиттифоқ санкциялари жорий этилгач, янги техник операторга ўтиш бўйича музокара олиб бормоқда. Ярим йилда мамлакатга келиб тушган 9,3 миллиард долларлик пул ўтказмаларининг қарийб 2,4 миллиард доллари айнан шу тизим ҳиссасига тўғри келади.

Фото: Евгений Разумный / Ведомости / ТАСС

Ўзбекистон банклари «Золотая Корона» тезкор пул ўтказмалари хизмати билан биргаликда янги техник операторга ўтиш устида ишламоқда. Бу ҳақда 29 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банкнинг Валютани тартибга солиш ва назорат қилиш департаменти раҳбари Отабек Тожиддинов маълум қилган.

Отабек Тожиддинов. Фото: Марказий банк

23 июль куни Евроиттифоқ Россиянинг қарийб 100 та банкига қарши санкциялар киритган эди. Шундан сўнг «Золотая Корона» бир қатор йўналишлар бўйича ўтказмаларни чеклади, бироқ Ўзбекистон ўтказмалар давом этаётган мамлакатлар қаторида қолди.

Бироқ , кейинчалик бир нечта банклар, хусусан, Агробанк, AloqaBank, Ўзсаноатқурилишбанк, Капиталбанк, Асакабанк, Анорбанк, Микрокредитбанк , Asia Alliance Bank, Бизнесни ривожлантириш банки, Hayot Bank, Оpen Bank, Трастбанк, Пойтахт банк, Гарант банк мазкур тизим орқали пул ўтказмаларини қабул қилиш вақтинча тўхтатилганини маълум қилди.

Марказий банк вакилининг сўзларига кўра, санкциялар тизимнинг ўзига эмас, балки операцияларнинг бир қисми техник жиҳатдан ўтказилган банк-корреспондент (оператор)га нисбатан жорий этилган.

«Ўзбекистон ушбу санкцияларнинг иккиламчи таъсирига тушиб қолиш ниятида эмас. Шу боис банкларимиз «Золотая Корона» раҳбарияти билан келишган ҳолда санкция остида бўлмаган бошқа операторга ўтиш бўйича музокара олиб бормоқда», — деган О.Тожиддинов.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда «Золотая Корона» раҳбарияти музокараларни якунлаш учун Тошкентда бўлиб турибди. Янги операторга ўтиш келгуси ҳафтадаёқ амалга оширилиши кутилмоқда, шундан кейин тизим одатдаги тартибда ишлашда давом этади.

О.Тожиддинов вазият Марказий банкнинг доимий назоратида эканини таъкидлаб, «Золотая Корона»нинг маҳаллий банкларда гаров депозити жойлаштирилгани, шу ҳисобдан фуқароларнинг пул ўтказмалари штат режимида, исталган валютада берилаётганини айтган.

Марказий банкнинг ички валюта бозори бўйича шарҳига кўра, 2026 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонга халқаро пул ўтказмалари тизимлари орқали 9,3 млрд доллар кириб келган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 фоиз (8,2 млрд доллар), 2024 йилнинг биринчи ярмига нисбатан эса қарийб 44 фоиз (6,5 млрд доллар) кўп. Шу даврда мамлакатдан чиқиб кетган ўтказмалар 1,32 миллиард долларни ташкил этди, натижада ижобий сальдо 8 миллиард доллар атрофида шаклланди.

Шундан қарийб 2,4 миллиард доллари «Золотая Корона» тизимига тўғри келади — бу умумий ҳажмнинг чорак қисмига яқин. Эътиборли жиҳати, Тожиддинов ушбу хизмат орқали маблағлар фақат Россиядан эмас, балки Жанубий Корея, Туркия, Қозоғистон, Евроиттифоқ мамлакатлари ва ўзбекистонликлар меҳнат қилаётган бошқа давлатлардан ҳам келиб тушишини таъкидлади.

Ўтказмалар географиясининг кенгайиши расмий статистикада ҳам кузатилмоқда: биринчи чоракда Россиянинг келиб тушган ўтказмалардаги улуши 77,6 фоиздан 72,4 фоизга тушган, Қозоғистон, Жанубий Корея ва Европа мамлакатларининг ҳиссаси эса ортган. Бу вазият санкциявий таъсирнинг тизим айланмасига таъсирини маълум даражада юмшатиши мумкин.

Теглар:

#золотая_корона#санкция#еврокомиссия#пул ўтказмалари

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган