Bankers.uz "Йил якунлари" сарлавҳаси остида банкларда йил якунларига бағишлаб туркум материалларни эълон қилиб бормоқда. Бугунги мақоламиз ЧЭКИ "Савдогар" АТБ тўғрисида бўлади.
Банк ҳақида қисқача маълумот
Чет эл капитали иштирокидаги "Савдогар" акциядорлик тижорат банки 1994 йил 12 майда Марказий банкда рўйхатга олинди. Банк 1998 йилда Енгилсаноатбанкни, 2000 йили Мевасабзавотбанкни қўшиб олади.
Савдогарбанк республика бўйлаб 22 та филиали орқали мижозларга хизмат кўрсатиб келади.
Савдогарбанк шиори: Сизнинг ишончли ҳамкорингиз
Банк бошқарувига Мансуров Суръат Марифович Раислик қилади. Суръат Мансуров Ўзбекистон банк тизимидаги энг ёши катта Бошқарув раисларидан бири ҳисобланади. Банк бошқаруви таркибида раиснинг биринчи ўринбосари Фазлиддин Маҳмудов, раис ўринбосари Қаҳрамон Хусанов, бош ҳисобчи Элмурод Алимов ҳамда Юридик бошқарма бошлиғи Гўзал Тўйчиева бор.
Банк Кузатув кенгашининг амалдаги таркиби билан қуйида танишишингиз мумкин:
Савдогарбанк Кузатув кенгаши аъзолари
Банкнинг молиявий кўрсаткичлари
2021 йил III чораги якунларига кўра, ЧЭКИ "Савдогар" АТБ активлари миқдори 1,14 трлн. сўмни ташкил қилмоқда. Ушбу маблағнинг 1,01 трлн. сўми миллий валютада, 129,74 млрд. сўми хорижий валютада шаклланган. 1 октябрь ҳолатида банк капитали 166,20 млрд. сўмни ташкил қилади. Савдогарбанк 2021 йилнинг январь-октябрь ойларида жами 224,01 млрд. сўм даромад қилган. Ушбу даромаднинг 77,6 %и фоизли даромадлар ҳиссасига тўғри келади. Бу даврда банк баланси зарар билан якунланган — 10,88 млрд. сўм. Савдогарбанк 2021 йилнинг III чорагини зарар билан якунлаган 4 та тижорат банкидан (Ўзагроэкспортбанк, Hi-Tech Bank, TBC Банклар билан бирга) биридир.
2020 йил якунларига кўра, банкнинг баланс соф фойдаси 14,2 млрд. сўмни ташкил қилган.
Банкдаги ўзгаришлар
Ноябрь ойида тадбиркор, "Makro" чакана савдо дўконлари тармоғининг 18,40 фоиз улушига эгалик қилувчи Камилджанов Рауф Мирзаевич банкнинг 695,8 млн. дона оддий акцияларини харид қилди. 29 ноябрь куни тузилган битим уюшган биржа савдолари орқали амалга оширилган. Ҳозирда Рауф Камилджанов банкнинг 53,53 фоиз акцияларига эгалик қилмоқда. Тадбиркор қайси акциядор ёки акциядорларнинг акцияларини сотиб олгани маълум қилинмаган эди. Бироқ ҳозирда банк расмий сайтидаги аффилланган шахслар рўйхатидан ўша вақтга қадар молия муассасасининг йирик акциядори бўлган Усманов Жахангир Мираброрович тушириб қолдирилган. Рауф Камилджанов Жахангир Усмановга тегишли банк акцияларини харид қилган бўлиши мумкин.
Банкдаги ўзгаришлардан яна бири N-Qulay режали тўлов картаси бўлди. Савдогарбанк 20 сентябрь куни nqulay.uz сайтини ишга туширди. Сайт орқали ва бир кундан кейин тақдим этилган NQulay мобил иловаси орқали Савдогарбанкнинг виртуал HUMO режали тўлов картасига буюртма бериш мумкин. Карта 16 млн. сўмгача маблағларни ҳамкор дўконлардан маҳсулотлар харид қилиш учун тақдим этади. NQulay'нинг бошқа рақобатдош банклар маҳсулотларидан фарқи, Савдогарбанк кредит картаси билан нафақат ҳамкор дўконларда, балки бошқа исталган дўконда ҳам харидларни амалга ошириш мумкин. Бироқ ҳамкор бўлмаган дўконлардан қилинган харидлар учун йиллик 34 фоиз миқдорида кредит ҳисобланади.
Савдогарбанк томонидан ишга туширилган nqulay.uz сайти
Банк сайти - savdogarbank.uz 2 тилда: ўзбек ва рус тилларида юритилади.
Банкнинг алоқа маркази телефони - 71 200 27 00 бўлиб, ҳозирча алоқа маркази учун қисқа рақам жорий қилинмаган.
Савдогарбанкнинг Телеграм, Фейсбук, Instagram ижтимоий тармоқларида расмий саҳифалари мавжуд.
Мирзаолим Дилшодов
Тасодифий хабарлар
Tenge Bank Вестминстер Университети билан ҳамкорлик меморандумини имзолади
Ўзбекистон банкларининг жами ва устав капитали - инфографика
Январь ойида банк тизимида муаммоли кредитлар салмоғи яна ўса бошлади