Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15 июлдаги "Аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларини такомиллаштириш ҳамда фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ–265-сон қарори қабул қилинди. Ҳужжат давлат хизматларини яхшилашга қаратилган бўлса-да, унда банклар ва уларнинг мижозларига бевосита тегишли бир нечта муҳим янгиликларни назарда тутади.
Порталда виртуал карталар очиш ва барча карталарни бошқариш мумкин бўлади
Энди Ягона интерактив давлат хизматлари порталида фуқаролар танлов асосида тижорат банкининг виртуал тўлов картасини оча оладилар. Яъни банклар порталда ўз хизматларини таклиф қилади, фуқаро эса ўзига маъқулини танлайди. Мазкур имконият 2026 йил 1 сентябрга қадар ишга туширилади (масъуллар: Рақамли технологиялар вазирлиги, Адлия вазирлиги, тижорат банклари).
Виртуал карта орқали, давлат хизматлари учун тўловларни амалга ошириш, ортиқча ёки нотўғри тўланган пулларни автоматик тарзда қайтариб олиш, давлат хизмати кечиктирилган ёки асоссиз рад этилган бўлса, тўланган пулни автоматик равишда картага қайтариш мумкин бўлади.
Шунингдек, фуқаро ўзининг мавжуд банк пластик картасини ҳам порталга бириктириши мумкин.
Қарорда белгиланганидек, порталда виртуал карта очиш, уни банк инфратузилмаси орқали пул билан тўлдириш ва ундаги маблағни ўзига тегишли банк пластик картасига ўтказиш учун комиссия олинмайди.
Ягона порталда фуқаро ўз номига расмийлаштирилган банк карталари ҳақида маълумот олиш имконига эга бўлади. Бундан ташқари, у порталдан туриб эмитент банкка картани блоклаш (ёпиш) ҳақида ариза юбора олади.
Кредитга таъқиқ жараёнлари ўзгаради, ипотекага олинган уйга пропискага қўйиш мумкин бўлади
Қарор билан мижозларнинг банкдан олинган кредитлари бўйича кўчар ва кўчмас мулкка қўйилган тақиқни автоматик ечишни йўлга қўйиш вазифаси юклатилган. Ҳозирда кредит тўлиқ сўндирилгандан кейин ҳам кўчмас мулк ёки автомототранспортга қўйилган тақиқни ечиш учун мижоз ўзи югуриши керак. Энди бу жараён проактив — яъни мижоз мурожаат қилмасдан — амалга оширилади.
Хусусан, гаров/ипотека шартномаси нотариал тартибда тузилган бўлса: кредит тўлиқ сўндирилгач, банклараро тўлов тизими орқали "Нотариус" ахборот тизимига маълумот тақдим этилади ва бир иш куни ичида тақиқ ечилади.
Шартнома банкнинг ўзи томонидан тузилган бўлса: кредит сўндирилганда банклараро тўлов тизими орқали гаров реестрига тақиқни бекор қилиш ҳақида ёзув киритилади.
Шунингдек, фуқаролар ва юридик шахслар ўз кўчмас мулки ва автотранспортини гаровга ёки ипотекага қўйишга тақиқ ўрната оладилар (ва уни бекор қила оладилар). Жисмоний шахслар буни Face-ID орқали идентификациядан ўтиб, юридик шахслар эса муассислар йиғилиши қарори асосида ЭРИ орқали қиладилар.
Аввал тақиқ ёки хатлов қўйилган турар жойга прописка қилиш учун гаров олувчининг розилиги керак эди. Қарор билан мазкур талаб бекор қилинмоқда. Аммо рўйхатдан ўтказилаётган шахс олдиндан розилик бериши шарт — яъни мулкдор (гаров олувчи, тақиқни қўйишга масъул орган) ички ишлар органларига мурожаат қилса, унинг рўйхатдан ўтказилганлиги бекор қилинади. Мазкур қоида бошқа ҳужжатлар қабул қилинишини кутмасдан, қарор кучга кирган пайтдан бошлаб тўғридан-тўғри амал қилади.
Кредит рекламасига янги талаблар
Киритилган ўзгартиришларга кўра, энди жисмоний шахсларга мўлжалланган кредит, муддатли тўлов, насия савдо рекламаларида товарнинг жорий қийматига қанча сумма қўшиб тўланиши, якуний қиймат қанча бўлиши — албатта кўрсатилиши шарт.
Молиявий хизматлар рекламасида эса, агар шартнома тузилаётган пайтда аниқлаб бўлмаса, келгусидаги самарадорлик кафолатлари ёки ваъдалари бўлмаслиги керак.
Микроқарз шартномаларининг дастлабки қисмида матнли огоҳлантириш ахборот хати жойлаштирилиши мажбурий бўлади — у шартноманинг асосий юзасининг камида 30 фоизини эгаллаши керак. Реклама материалларида ҳам салбий оқибатлар ҳақида огоҳлантириш бўлиши шарт.
Бундан ташқари, истеъмолчини чалғитувчи деб топилган кредит маҳсулотларини вақтинчалик ёки доимий тақиқлаш амалиёти жорий этилади.
Шунингдек, SMS орқали хизматларни таклиф қилиш фақат мижознинг ёзма ёки электрон розилиги олингандан кейин мумкин бўлади. Реклама қўнғироқлари ва хабарномаларини соат 18:00 дан 09:00 гача тарқатиш тақиқланади, реклама тарқатувчи хизмат кўрсатувчилар ўз ахборот тизимларини Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказишлари шарт.
Бу талабларни бузиш реклама ва шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳисобланади.
