Ўзбекистонда пул массаси йил бошига нисбатан 46,5 трлн сўмга ошди

17.07.2026 11:33

103

2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда кенг маънодаги пул массаси (М2) йил бошига нисбатан 46,5 трлн сўмга ошди ва 425,1 трлн сўмга етди. Шу жумладан, миллий валютадаги пул массаси ярим йил давомида 44,9 трлн сўмга, муомаладига нақд пуллар эса 6,8 трлн сўмга кўпайган.

Фото: Bankers.uz

2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон иқтисодиётидаги пул миқдори барқарор ўсишда давом этди. Марказий банк маълумотларига кўра, 1 июль ҳолатида кенг маънодаги пул массаси (М2) 425 трлн 129 млрд сўмни ташкил қилди. Йил бошига нисбатан ўсиш 46 трлн 549 млрд сўмга ёки 12,3 фоизга тенг бўлди.

Манба: Марказий банк

Кенг маънодаги пул массаси (М2) ўз ичига муомаладаги нақд пулларни (банк тизимидан ташқаридаги) ҳамда бошқа молиявий ташкилотлар, давлат номолиявий ташкилотлар, хусусий сектор ҳамда уй хўжаликларининг (аҳоли) миллий валютадаги ва чет эл валютасидаги талаб қилиб олингунча, жамғарма ва муддатли депозитларини олади. 

Миллий валютадаги пул массаси

Ўсишнинг асосий қисми 44 трлн 867 млрд сўм ёки 14,5 фоиз миллий валютадаги пул массаси ҳиссасига тўғри келди. 1 июль ҳолатига кўра, миллий валютадаги пул массаси 353 трлн 903 млрд сўмни ташкил қилиб, кенг маънодаги пул массасининг 83,3 фоизини эгаллади. Бу кўрсаткич иқтисодиётда сўмга бўлган талаб кенгайиб бораётганини кўрсатмоқда. Эътиборли жиҳати, феврал ойида миллий валютадаги пул массаси ҳам 5 трлн 958 млрд сўмга пасайган, бироқ кейинги ойлардан бошлаб ўсиш давом этди.

Тор маънодаги пул массаси (М1)

Тор маънодаги пул массаси (М1) ўз ичига муомаладаги нақд пуллар ва миллий валютадаги талаб қилиб олингунча депозитларни олади.

Тор маънодаги пул массаси йил бошидан 15 трлн 665 млрд сўмга ёки 10,8 фоизга ошиб, 160 трлн 412 млрд сўмга етди. М1 таркибидаги иккала компонент нақд пуллар ва талаб қилиб олингунча депозитлар ҳам ўсишни намойиш этди. М1 энг кескин пасайишни феврал ойида бошдан кечирди, мос равишда 10 трлн 711 млрд сўмга.

Муомаладаги нақд пуллар (М0)

Муомаладаги нақд пуллар йил давомида 6 трлн 809 млрд сўмга ёки 9,9 фоизга ошиб, 75 трлн 259 млрд сўмни ташкил қилди. Нақд пулларнинг ўсиш суръати бошқа компонентларга нисбатан пастроқ бу нақдсиз тўловларнинг кенгайиб бораётганига ишора қилади. Хусусан, май-июнь ойларида нақд пуллар 5 трлн 576 млрд сўмга бирданига сакраган.

Миллий валютадаги талаб қилиб олингунча депозитлар

Мижоз исталган вақтда ечиб олиши мумкин бўлган муддатсиз омонатлар 8 трлн 857 млрд сўмга ёки 11,6 фоизга ошиб, 85 трлн 153 млрд сўмга етди. Ушбу кўрсаткич жорий ҳисобварақлар ва карта ҳисобварақларидаги маблағларни акс эттиради. Феврал ойида 6 трлн 643 млрд сўмга пасайишга қарамасдан, бу кўрсаткич мартдан бошлаб ўсишни тиклади.

Миллий валютадаги бошқа депозитлар

Барча компонентлар орасида энг юқори ўсиш 17,8 фоиз миллий валютадаги муддатли депозитларда қайд этилди. Ушбу кўрсаткич 29 трлн 202 млрд сўмга ошиб, 193 трлн 491 млрд сўмга етди. Диққатга сазовор жиҳат шундаки, феврал ойида бошқа компонентлар пасайган пайтда муддатли депозитлар 4 трлн 753 млрд сўмга ошган фуқаролар ва корхоналар пулларини муддатли депозитларга кўчирганлиги кузатилди.

Чет эл валютасидаги депозитлар

Чет эл валютасидаги депозитлар йил бошидан атиги 1 трлн 682 млрд сўмга ёки 2,4 фоизга ошиб, 71 трлн 226 млрд сўмни ташкил қилди. Бу кўрсаткич йил давомида 69-71 трлн сўм оралиғида нисбатан барқарор сақланиб қолди. Миллий валютадаги депозитлар ўсишининг чет эл валютасидагилардан 6 баравар юқори бўлиши аҳолининг миллий валютада омонат сақлашни кўпроқ афзал кўраётганини билдиради.

Умуман олганда, йил бошидан буён пул массасининг барча компонентларида ижобий ўсиш динамикаси кузатилган. Миллий валютадаги депозитларнинг чет эл валютасидагиларга нисбатан тезроқ кўпайиши эса иқтисодиётда сўмнинг мавқеи мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.

Теглар:

#пул_массаси#нақд_пуллар#электрон_пуллар

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган