Самарқандда банкка бостириб кириб, пул талаб қилган шахс қўлга олинди

15.07.2026 07:44

1 123

Самарқанд шаҳридаги банклардан бирига юзини ниқоб билан яширган ҳолда бостириб кириб, пул талаб қилган шахс қўлга олинди. Ҳолат юзасидан ЖКнинг "босқинчилик" моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Фотоскрин: Қўриқлаш хизмати

Жорий йилнинг 13 июль куни Самарқанд шаҳар Мирзо Улуғбек кўчасидаги банклардан бирига юзини ниқоб билан яширган шахс бостириб кириб, пул талаб қилган. Бу ҳақда Самарқанд вилояти Қўриқлаш хизмати матбуот хизмати хабар бермоқда.

Оператив тасвирлардаги координатлар Самарқанд шаҳри, Мирзо Улуғбек кўчаси, 140-уй манзилини кўрсатмоқда. Google хариталаридаги маълумотларга кўра, бу манзилда Ипак Йўли банкининг банк хизматлари офиси жойлашган.

Видео: Қўриқлаш хизмати / YouTube

Номаълум шахс банк биносига босқин уюштирган бўлиб, воқеа жойига етиб борган тезкор гуруҳ томонидан вазият назорат остига олинган.

Аниқланишича, босқинчи қишки кийимда, юзини ниқоб билан яширган ва қора сумка кўтарган ҳолда банкка кириб келган. У ўзида портловчи модда борлигини айтиб, ойналарни синдирган ва банк ходимларидан нақд пул талаб қилган.

Воқеа жойига етиб келган қўриқлаш ходимлари фуқаро билан хавфсиз масофадан туриб музокара олиб борган. Сўнгра тартиббузар ўз хоҳиши билан таслим бўлан ва қўлга олинган. Ҳодиса оқибатида фуқароларга зарар етмаган.

Тергов маълумотларига кўра, шахс осон пул топиш мақсадида мазкур жиноятга қўл урган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси ("Босқинчилик") 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Теглар:

#самарқанд#Қўриқлаш хизмати#ўғирлик

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган