ANORBANK ижтимоий тармоқларда банкнинг ишчанлик обрўсига путур етказувчи, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва манипулятив даъволарни ўз ичига олган видеоролик тарқалаётгани юзасидан расмий муносабат билдириб, ваколатли орган кўрсатмаси ҳамда кўрилаётган ҳуқуқий чоралар бўйича маълумот берди.
Банк баёнотида қайд этилишича, тармоқларда айланаётган видеороликда қўлланилган «халқ ҳисобидан бойиётган», «49 фоизлик йиллик қуллик» ва «одамларни умрбоқий қарз ботқоғига ботирувчи тизим» каби иборалар ҳақиқатга тўғри келмайдиган ҳиссий ва субъектив мулоҳазалар бўлиб, банк фаолиятининг асл мазмунини акс эттирмайди.
Таъкидланишича, банкнинг барча маҳсулотлари, жумладан, фоиз ставкалари, комиссиялар ва талаблар амалдаги қонунчиликка мувофиқ эълон қилинади. Мижозлар маҳсулотни расмийлаштиришдан олдин барча шартлар билан танишиш имконига эга ва шартнома тузиш бўйича қарорни мустақил равишда қабул қилади.
ANORBANK ўз баёнотида ваколатли орган томонидан реклама материалларидан бири юзасидан кўрсатма олганини ва регулятор талабларини ўз вақтида бажарганини тасдиқлади.
Бироқ, банк акцияларининг шартлари, лимитлари ёки комиссияларини атайлаб яширади деган даъволар ҳақиқатга зид эканлиги билдирилган. Барча акцияларнинг тўлиқ шартлари расмий веб-сайтда доимий равишда эълон қилиб борилади ва ҳар бир мижоз учун очиқдир. Регуляторнинг эътирози акция шартларининг мавжуд эмаслиги ёки яширилганига эмас, балки муайян реклама материалининг расмийлаштирилишига тааллуқли бўлган.
Баёнотда мазкур ҳолатдан банк фаолияти ҳақида нотўғри тасаввур шакллантириш, шунингдек, камситувчи ва обрўсизлантирувчи даъволарни тарқатиш мақсадида фойдаланиш манипуляция деб баҳоланган.
ANORBANK оммавий ахборот воситалари вакиллари, ахборот платформалари маъмурлари ҳамда Telegram-каналлар эгаларини факт сифатида тақдим этилаётган, бироқ текширилмаган баёнотлар ва субъектив фикрларни тарқатмасликка чақирган.
Маълум қилинишича, банк ўз ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш доирасида мазкур видеоролик муаллифи бўлган журналистга судгача бўлган расмий талабнома юборган. Агар банкка нисбатан ҳақиқатга мос келмайдиган ва унинг обрўсига зарар етказувчи маълумотлар тарқатилиши давом этса, ANORBANK қонунчиликда назарда тутилган барча ҳуқуқий чораларни қўллаш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиши қатъий таъкидланган.
