Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Аппаратининг ташкилий тузилмаси янгиланди. Бу ҳақдаги маълумотлар Марказий банк сайтининг тегишли бўлимида пайдо бўлди. Янги тузилмага кўра, банк Аппаратидаги бўлинмалар сони 39 тадан 44 тага етди — назорат, стратегик режалаштириш ва аҳоли билан ишлаш йўналишлари сезиларли кучайтирилди.
Энг катта ўзгаришлар банк назорати йўналишида кузатилмоқда. Хусусан, бу йўналишда учта мутлақо янги бўлинма ташкил этилди: Банкларни санация қилиш ва тугатиш бошқармаси — (раҳбар этиб Бўронов Фазлиддин Рахмиддинович тайинланган), Банклардаги муаммоли активларни мониторинг қилиш хизмати (раҳбар этиб Ботиров Салоҳиддин Бахтиёрович тайинланган) ҳамда Банкларда рискларни назорат қилиш департаменти (раҳбар лавозими ҳозирча вакант).

Фазлиддин Бўронов / Фотоскрин: UzA-Youtube

Салоҳиддин Ботиров / Фото: Банк-молия ва финтехдаги тайинловлар
Шунингдек, аввалги Микромолия бозори иштирокчиларини назорат қилиш департаменти негизида Нобанк кредит ташкилотларини назорат қилиш департаменти ташкил этилди. Департаментда Шерипбаев Фаррух Батирович раҳбарлигича қолди.

Фаррух Шерипбаев / Фото: Марказий банк - AI
Илгари ягона бўлган Тўлов тизимлари департаменти иккига ажратилди: Тўлов тизимларини назорат қилиш департаменти (раҳбар вазифасини бажарувчи Зияев Рустам Мирзаевич) ва Тўлов тизимларини ривожлантириш департаменти (раҳбари Усманов Жамшид Камолович). Шу Шу каби Статистика ва тадқиқотлар департаменти ҳам Тадқиқотлар ва таҳлил (раҳбари Турғинбоев Санжарбек) ҳамда Статистика ва тўлов баланси (Мирзаахмедов Рашид Мирзаалиевич) департаментларига бўлинди.

Рустам Зияев / Фото: Рустам Зияевнинг шахсий архиви - AI

Жамшид Усманов / Фото: Марказий банк
Аввалги Лойиҳалар, жараёнлар ва маълумотларни бошқариш департаменти негизида учта алоҳида тузилма шаклланди: Стратегик ривожланиш ва лойиҳаларни бошқариш департаменти (раҳбар этиб Абидов Хусанхожа Алишерович тайинланган), Жараёнларни бошқариш хизмати (вакант) ва Маълумотларни бошқариш департаменти. Сўнгги тузилмага илгари Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи департаментини бошқарган Зокирхўжаев Азизхон Ахрархонович ўтди. Бухгалтерия йўналиши эса Молия-иқтисод департаменти билан бирлаштирилиб, Молиявий бошқарув ва бухгалтерия ҳисоби департаментига айлантирилди (раҳбар этиб Мавлюдов Темур Хайратдинович тайинланди).

Хусанходжа Абидов / Фото: Facebook

Азизхон Зокирхўжаев / Фото: Марказий банк

Темур Мавлюдов / Фото: Марказий банк
Марказий банк тузилмасида илгари мавжуд бўлмаган яна иккита бўлинма пайдо бўлди, булар: Мурожаатлар билан ишлаш департаменти (раҳбар этиб Нарзуллаев Камолиддин Нарзуллаевич тайинланган) ҳамда Уй-жой ва ипотека бозорини ривожлантириш бошқармаси (раҳбар лавозими ҳозирча вакант).
Тадбиркорлик йўналишидаги икки департамент ҳам қайта шакллантирилди: улар энди Тадбиркорликни ривожлантириш ва тармоқларни таҳлил қилиш (раҳбари Сайфуллаев Актам Абдурашидович) ва Ҳудудий ва тадбиркорлик дастурлари ижросини мувофиқлаштириш (раҳбари Каримов Давранбек Достонович) департаментлари деб аталади.
Янги тузилмада Инспекция департаменти, Маъмурий ишлар бўйича департамент ва Кредит ахборотининг давлат реестрини юритиш хизмати учрамайди. Аввалроқ, Инспекция департаменти ва Кредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш методологияси департаментининг тегишли бўлинмалари Юридик департамент таркибига ўтказилгани ва Юридик департаментга Дониёр Баҳодир ўғли Нодиров тайинлангани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Дониёр Нодиров / Фото: Банк-молия ва финтехдаги тайинловлар
Марказий банк ижро аппаратига энди Рустамов Шоҳрух Рустам ўғли (в.б.) раҳбарлик қилади — аввал бу лавозимда Эрназаров Олимжон Юлдашалиевич эди. Узоқ вақт вакант турган Халқаро захираларни бошқариш департаментига Алимухамедов Камол Кабулович тайинланди, Ахборот технологиялари департаментини эса Мирзарахмедов Бахтиёр Темирович (в.б.) бошқармоқда.

Шохрух Рустамов / Фото: Банк-молия ва финтехдаги тайинловлар
Марказий банкдаги Bankers.uz манбасини фикрича, янги тузилма Марказий банкнинг банк назорати, муаммоли активлар билан ишлаш ва стратегик бошқарув салоҳиятини кучайтиришга қаратилган. Айрим йирик департаментларнинг ихтисослашган тузилмаларга ажратилиши эса ҳар бир йўналиш бўйича масъулиятни оширади.
Материал тўлдирилмоқда.
