Алоқабанк имтиёзли акциялари бўйича 40 фоиз дивиденд тўлайди

02.07.2026 06:43

85

АТ "Алоқабанк" акциядорлари банкнинг 2025 йилда олган соф фойдасидан имтиёзли акциялар бўйича йиллик 40 фоиз дивиденд тўлашга қарор қилди. Шунингдек, соф фойданинг 15 фоизлик улушлари банкнинг турли фонд ва жамғармаларига йўналтирилади.

Фото: AloqaBank

2026 йил 19 июнь куни АТ "Алоқабанк" акциядорларининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Корпоратив ахборот ягона порталида маълум қилинди.

Йиғилишда акциядорлар томонидан банкнинг 2025 йилда олган 251,45 млрд сўм соф фойдаси қуйидаги тартибда тақсимланиши тўғрисида қарор қабул қилинди: 25,15 млрд сўм (жами соф фойданинг 10%) Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармасига, 12,57 млрд сўм (соф фойданинг 5%) захира фондига, 1,48 млрд сўм (соф фойданинг 0,59%) имтиёзли акциялар бўйича дивиденд тўлашга йўналтирилади.

Банк соф фойдасининг 84,41 фоизи ёки 212,26 млрд сўмини қандай тақсимлангани ёки тақсимланмаган фойда кўринишида қолдирилгани бўйича маълумот берилмаган.

Қарорга кўра, ҳар бир имтиёзли акция учун номинал қийматнинг 40 фоизи, яъни 40 тийин миқдорида дивиденд ҳисобланади. Дивиденд тўловлари қарор қабул қилинган кундан бошлаб 60 кун ичида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида" ги Қонунининг 51-моддасига мувофиқ дивидендларни тўлаш Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси (ёки инвестиция воситачилари) орқали акциядорнинг мавжуд банк ҳисобварағига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда автоматик равишда амалга оширилишини белгиланган.

Шунинг билан бирга, АТ "Алоқабанк" акциядорларининг йиллик умумий йиғилишида дивиденд масаласидан ташқари бир қатор муҳим қарорлар ҳам қабул қилинган. Хусусан, акциядорлар PricewaterhouseCoopers аудиторлик хулосаси ҳамда МҲХС ҳисоботи хулосасига асосан банк Кузатув кенгаши ва бошқарувининг 2025 йил фаолият натижаларини ижобий деб топган. Бундан ташқари, 2026 йилга мўлжалланган устувор вазифалар — ёшлар тадбиркорлиги, рақамли хизматлар ва молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш белгилаб олинган.

Йиғилишнинг яна бир муҳим қарорларидан бири - Алоқабанкнинг 2026 йил ярим йиллик ва йиллик молиявий ҳисоботини ташқи аудитдан ўтказиш учун аудиторга тўланадиган энг кўп ҳақ миқдори 4,82 млрд сўм этиб белгиланди.

Теглар:

#алоқабанк#акция#дивиденд

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган