Ўзбекистонда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги юридик шахслар томонидан электрон тўловларни қабул қилиш учун ягона QR код тизими — UzQR ишга туширилди. Тизим орқали харидор исталган банк иловаси ёки тўлов сервиси воситасида битта QR код бўйича тўловни амалга ошириши мумкин. UzQR Humo ва Uzcard миллий тўлов тизимлари карталари билан ишлайди.
Тизим президентнинг 2025 йил декабрь ойида имзоланган фармони асосида жорий этилмоқда. Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 июлдан савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари учун QR код орқали тўловларни қабул қилиш мажбурий бўлади. Бундай QR коднинг мавжуд эмаслиги савдо қоидаларини бузиш деб ҳисобланади.
2026 йил апрель ойида Марказий банк ягона QR кодлар ёрдамида тўлов хизматларини кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаган. Унга кўра, тизим оператори вазифасини Марказий банкнинг банклараро ҳисоб-китоб клиринг тизими — МУНИС бажаради.
Ижтимоий тармоқлардаги "комиссия тўловлари" ҳақидаги хабарлар
UzQR ишга туширилгач, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида тизим комиссияси юзасидан хабарлар тарқалди. Уларга кўра, тўлов вақтида сотувчидан (мерчантдан) транзакция суммасининг 0,65 фоизи, мижоздан (харидордан) эса 1 фоизгача комиссия ундирилади. Шу тариқа умумий комиссия камида 1,65 фоизга етиши мумкинлиги ҳақида хулосалар чиқарилди.
Бу маълумотларни дастлаб турли тўлов сервислари орқали тажриба тариқасида тўловларни амалга оширган Spot нашри эълон қилди. Хабарга кўра, сотувчи тўлайдиган 0,65 фоизли комиссиядан эквайер-банк 0,1 фоизни ўзида қолдиради, қолган 0,55 фоизини МУНИСга ўтказади. Кейинчалик маблағлар занжир иштирокчилари ўртасида тақсимланади.
Кейинчалик Gazeta нашри ўз муштарийларидан бири QR код орқали тўлов қилишда аллақачон комиссияга дуч келганини маълум қилганини ёзди. Иқтисодчи Отабек Бакировнинг таъкидлашича, комиссияларнинг бундай тузилмасида ягона QR код нақд пул, банк картаси ёки терминал орқали тўлов қилишга қараганда бизнес ва харидорлар учун камроқ фойдали бўлиб чиқиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, дастлаб ягона QR коддан арзонроқ, рақобатбардош ва тезроқ тўлов усули пайдо бўлиши кутилган эди.
Хабарларда харидордан ундириладиган 1 фоизли комиссия қаерга йўналтирилаётгани очиқлигича қолаётгани, ҳозирда уни бутунлай бекор қилиш имконияти кўриб чиқилаётгани таъкидланди.
Марказий банкнинг баёноти
Тарқалган хабарлардан сўнг Марказий банк UzQR тизимидаги комиссия тузилмасига изоҳ берди. Регулятор маълумотига кўра, UzQR орқали тўловлар бўйича умумий тариф 0,65 фоиз миқдорида белгиланган ва бу комиссия тўлов занжири иштирокчилари ўртасида тақсимланади.
Марказий банк тариф тузилмасини қуйидагича изоҳлади: QR код ўрнатган банк-эквайер 0,10 фоиз олади; миллий карталар орқали тўлов қилинганда Uzcard ва Humo ҳиссасига 0,15 фоиз тўғри келади; QR код оператори МУНИС 0,20 фоиз олади; тўлов ташаббускори — QR код ўқиладиган мобиль илова 0,15 фоиз, тўловчи банки эса 0,05 фоиз олади. Регулятор тизим иштирокчилари бир вақтнинг ўзида бир нечта улуш олиши мумкинлигини ҳам қайд этди.
Марказий банкнинг таъкидлашича, тизимнинг расмий тариф тузилмасида тўловчи — истеъмолчидан ҳеч қандай комиссия ундириш кўзда тутилмаган. «Бутун тариф фақат сотувчи тўлайдиган 0,65 фоиздан иборат», — дейилди хабарда.
Регулятор UzQR тарифини бозордаги амалдаги тарифлар билан солиштирди. Марказий банкка кўра, ҳозирда савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари учун QR кодлар орқали тўловларни қабул қилиш 1–3 фоизга тушмоқда. Шу боис регулятор UzQR’нинг 0,65 фоизлик тарифини анча паст деб ҳисоблашини билдирди.
Шу билан бирга, Марказий банк айрим ҳолларда баъзи тўлов ташаббускорлари истеъмолчилардан қўшимча йиғимлар ундираётганини тан олди. Регулятор бундай йиғимлар UzQR тарифининг бир қисми эмаслигини ва тегишли иштирокчилар томонидан ўз ташаббуси билан белгиланишини таъкидлади. Марказий банк маълумотига кўра, бундай қўшимча устамалар масаласи ҳозирда тартибга солинмоқда.
Paynet ва бошқа сервисларнинг муносабати
Тарифлар бўйича баҳс фонида тўлов сервислари ҳам ўз позицияларини билдирди. Ягона QR код (UzQR) жорий этилгунга қадар Paynet тўлов сервиси ҳам QR код орқали тўловларни қабул қилиш бўйича шунга ўхшаш хизматни татбиқ этган эди. Бу хизмат бир қатор товар ва хизматлар, жумладан, АЁҚШлардаги ёнилғи, шунингдек, алкогол ва тамаки маҳсулотлари сотиб олинаётганда мажбурий нақд пулсиз тўлов тизими жорий қилиниши фонида юзага келган эди.
Paynet сайтида эълон қилинган оммавий офертага кўра, сервис 0,65 фоиз миқдоридаги воситачилик ҳақи эвазига Paynet тизимига уланган банклар ва тўлов иловалари орқали тўловчилардан мерчант фойдасига тўловларни қабул қилиш хизматини кўрсатади. Офертада сотувчи ўз ҳисобрақамига тўловлар суммасини воситачилик ҳақи ва бекор қилинган тўловлар чегириб ташланган ҳолда уч иш куни ичида қабул қилиб олиши қайд этилган. Демак, Paynet тизимининг QR тўлов хизматида комиссия мерчантдан ундирилади, харидордан эса алоҳида QR тўлов комиссияси кўзда тутилмаган.
Шунингдек, Payme тўлов сервиси фойдаланувчилари UzQR орқали харидларни комиссиясиз тўлаши мумкинлигини маълум қилди. Тўлов учун кассадаги QR кодни сканерлаш кифоя бўлади, шундан сўнг илова реквизитларни автоматик тарзда юклаб олади, фойдаланувчи эса фақат тўлов суммасини киритиб, операцияни тасдиқлайди.
Хулоса
Берилган баёнотлардан UzQR тизимининг расмий тарифи 0,65 фоизни ташкил этади ва у фақат сотувчидан ундирилади, деб хулоса қилиш мумкин. Ижтимоий тармоқларда тарқалган 1 фоизли қўшимча комиссия Марказий банк изоҳига кўра ягона тарифнинг бир қисми эмас, балки айрим тўлов ташаббускорлари томонидан мустақил равишда белгиланган йиғим ҳисобланади. Ушбу қўшимча устамалар масаласи ҳозирда тартибга солинаётгани қайд этилмоқда.
Bankers.uz ўқувчилардан амалиётдаги ҳолатлар юзасидан хабарлар бўлса, ушбу мавзуга яна қайтишини маълум қилади.
