Ўзбекистоннинг икки ҳудудида тижорат банкларининг Банк хизматлари маркази (БХМ) бошлиқлари тадбиркор ва фуқароларга кредит маблағлари ажратиб бериш эвазига тамагирлик қилганликда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.
Хусусан, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг Фарғона вилояти бошқармаси томонидан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда тижорат банкларидан бирининг банк хизматлари маркази (БХМ) бошлиғи Р. С. тадбиркорлик фаолиятини бошлаш мақсадида 2,5 млрд сўм кредит сўраб мурожаат қилган фуқаронинг ишончига кириб, ушбу йирик кредитни ажратиб бериш эвазига умумий сумманинг 5 фоизини, яъни 125 млн сўмни олдиндан талаб қилган.
Банк ходими келишилган пуллар ҳисобидан 10 минг АҚШ долларини пора сифатида олаётган вақтида ашёвий далиллар билан жиноят устида ушланган.
Худди шундай коррупцион ҳолат Департаментнинг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ҳам фош этилди.
Тижорат банкининг вилоятдаги БХМ бошлиғи Д.И. маҳаллий МЧЖ раҳбарининг тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш учун 75 000 АҚШ доллари миқдорида кредит ажратиб берган. Ушбу «хизмати» эвазига у тадбиркордан 2 150 АҚШ доллари миқдорида маблағ ундирган.
БХМ бошлиғи ўзи олган ушбу ноқонуний пуллар ҳисобидан 10,7 млн сўмини тадбиркорга қайтариб бераётган вақтида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ҳозирда мазкур икки ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилган. Жиноятга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш ва ишни судга ошириш мақсадида дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
