Бизнесни ривожлантириш банки АҚШнинг етакчи инвесторлари билан учрашув ўтказди

18.06.2026 14:28

101

«Бизнесни ривожлантириш банки» TIIF-2026 тадбирлари доирасида АҚШнинг етакчи инвестиция компаниялари — «StoneX», «TB Capital Ltd» ва «VR Capital Ltd» билан халқаро капитал бозорига чиқиш ҳамда еврооблигациялар чиқариш истиқболларини муҳокама қилди.

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

Жорий йилнинг 17 июнь куни V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ АҚШнинг етакчи инвестиция компанияларидан бири бўлган «StoneX» кўмагида халқаро инвесторлар — «TB Capital Ltd» ва «VR Capital Ltd» вакиллари билан учрашув ўтказди.

Учрашув давомида хорижлик ҳамкорларга банкнинг асосий молиявий кўрсаткичлари, активлар сифати, кредит портфели динамикаси, ликвидлик ва капитал етарлилиги даражаси ҳамда кичик ва ўрта бизнес (КЎБ) субъектларини молиялаштириш дастурлари юзасидан батафсил тақдимот намойиш этилди. Шунингдек, банкнинг ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш стратегияси, корпоратив бошқарув тизими, рақамли трансформация ҳамда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги режалари таништирилди.

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

Музокараларнинг муҳим мавзуларидан бири — банкнинг халқаро капитал бозорларига чиқиш истиқболлари, хусусан, еврооблигациялар эмиссиясини амалга ошириш режалари ва бу бўйича олиб борилаётган тайёргарлик жараёнлари бўлди. Инвесторлар билан молиялаштириш манбаларини диверсификация қилиш ва банкнинг халқаро инвесторлар базасини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Мулоқот давомида инвесторлар Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларни ва «Бизнесни ривожлантириш банки»нинг мамлакатда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашдаги муҳим ўрнини алоҳида эътироф этдилар. Учрашув якунида томонлар халқаро капитал бозорларида истиқболли лойиҳаларни биргаликда кўриб чиқиш ва мунтазам мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.

Теглар:

#Бизнесни_ривожлантириш_банки#ҳамкорлик#АҚШ

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган