Агробанк акциядорларининг йиллик йиғилиши 30 июнда ўтказилади

09.06.2026 11:49

216

Агробанк акциядорларининг йиллик умумий йиғилиши жорий йилнинг 30 июнь куни банк бош офиси биносида ўтказилади. Йиғилишда банкнинг 2025 йилги фаолиятиини сарҳисоб қилиш, ташқи аудиторни танлаш, Кузатув кенгаши таркибини сайлаш ҳамда Агробанкда исломий банк фаолиятини йўлга қўйиш каби масалалар кўриб чиқилади.

Фото: Bankers.uz

Агробанк акциядорларининг навбатдаги йиллик умумий йиғилиши 2026 йил 30 июнь куни соат 10:00 да Тошкент шаҳри, Ботир Зокиров кўчаси, 2а уй манзилида жойлашган банк Бош офиси биносида ўтказилади.

Йиғилишда банкнинг ўтган йилги фаолияти сарҳисоби, соф фойдани тақсимлаш, ташқи аудиторни танлаш, Кузатув кенгаши таркибини қайта сайлаш, банкда исломий банк фаолиятини йўлга қўйиш каби масалалар муҳокама қилинади.

Умумий йиғилишнинг тўлиқ кун тартиби қуйидагича:

  1. Саноқ комиссияси аъзолари сони ва шахсий таркибини тасдиқлаш.
  2. Акциядорларнинг навбатдаги йиллик умумий йиғилишининг регламентини тасдиқлаш.
  3. Банк Кузатув кенгашининг 2025 йил фаолияти якунлари бўйича ҳисоботи.
  4. Банк Бошқарувининг 2025 йил фаолияти якунлари бўйича ҳисоботи.
  5. Банкнинг 2025 молиявий йил якуни бўйича МҲХС (Халқаро молиявий ҳисоботлар стандартлари) асосида тайёрланган йиллик ҳисоботи ва ташқи аудит хулосаси, бухгалтерия баланси, foyda ва зарарлар ҳисоботини тасдиқлаш.
  6. 2025 йил якуни бўйича банк фойдасини тақсимлаш ва имтиёзли акцияларга дивиденд тўлаш тўғрисида.
  7. Банкнинг 2025 йил якунлари бўйича Корпоратив бошқарув тизимини мустақил баҳолаш натижалари тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқлаш.
  8. Кузатув кенгаши ва унинг қўмиталарининг, кузатув кенгаши раиси ва аъзоларининг 2025 йил фаолияти якунлари юзасидан мустақил баҳолаш натижаларини тасдиқлаш.
  9. Банк Кузатув кенгаши аъзолари таркибини қайта сайлаш.
  10. Банкнинг 2026 йил фаолиятини аудиторлик текширувидан ўтказиш учун ташқи аудиторлик ташкилотини белгилаш, ушбу ташкилотнинг хизматларига тўланадиган энг кўп ҳақ миқдорини белгилаш ва у билан шартнома тузиш.
  11. Банкнинг афилланган шахслари билан келгусида банк томонидан кундалик хўжалик фаолияти жараёнида акциядорларнинг кейинги йиллик умумий йиғилишигача бўлган даврда тузилиши мумкин бўлган битимларни маъқуллаш.
  12. Агробанк “Бошқаруви тўғрисида Низом”га киритилаётган ўзгартиришларни тасдиқлаш.
  13. Банкда исломий банк фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисида.

Акциядорларнинг навбатдаги йиллик умумий йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорлар реестри 2026 йил 24 июнда тасдиқланади.

Эслатиб ўтамиз, Агробанк тўлиқ давлат банки бўлиб, 2026 йил 1 май ҳолатига кўра, акциядорлик капитали таркибида Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси 58,06 фоиз, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 40,94 фоиз, 18 259 та юридик шахслардан иборат бошқа акциядорлар 0,94 фоиз ва 74 979 та жисмоний шахслардан иборат бошқа акциядорлар 0,06 фоиз улушга эга.

Теглар:

#агробанк#АУЙ

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган