Халқ банки акциядорларининг йиллик йиғилиши 30 июнда ўтказилади

08.06.2026 17:40

222

Халқ банки акциядорларининг йиллик умумий йиғилиши 2026 йил 30 июнь куни банкнинг марказий аппарати биносида офлайн шаклда ўтказилади. Йиғилиш кун тартибига 10 та муҳим масала, жумладан, 2025 йил якунлари бўйича ҳисоботларни эшитиш, янги ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш, Кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш ҳамда умидсиз активларни ҳисобдан чиқариш каби стратегик қарорлар киритилган.

Фото: Bankers.uz

Халқ банки акциядорларининг йиллик умумий йиғилиши 2026 йил 30 июнь куни соат 16:00 да Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Бунёдкор шоҳ кўчасида жойлашган Халқ банки марказий аппарати маъмурий биносининг 14-қаватида офлайн шаклда ўтказилиши маълум қилинди.

Йиғилиш кун тартибига жами 10 та масала киритилган бўлиб, улар орасида банк Кузатув кенгаши ҳамда Бошқарувининг 2025 йил якунлари бўйича ҳисоботларини кўриб чиқиш, 2026–2028 йилларга мўлжалланган янги ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш, Кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш, 2025 йил якунлари бўйича фойда ёки зарарни тақсимлаш, шунингдек, “умидсиз” активларни ҳисобдан чиқариш билан боғлиқ масалалар ҳам мавжуд.

Умумий йиғилиш кун тартиби қуйидагича:

  1. Йиғилиш регламентини ҳамда саноқ комиссияси таркибини тасдиқлаш;
  2. Кузатув кенгашининг 2025 йил якунлари бўйича ҳисоботини эшитиш;
  3. Бошқарувнинг 2025 йил бизнес-режаси ижроси ва умумий фаолияти бўйича ҳисоботини кўриб чиқиш;
  4. 2023–2025 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегияси ижросини кўриб чиқиш ҳамда 2026–2028 йилларга мўлжалланган янги ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш;
  5. Банк Кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш;
  6. “Умидсиз” активларни ундириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботни эшитиш ва айрим “умидсиз” активларни ҳисобдан чиқариш масаласини кўриб чиқиш;
  7. Ташқи аудиторлик ташкилотининг 2025 йил бўйича аудиторлик хулосасини кўриб чиқиш ҳамда йиллик ҳисоботни тасдиқлаш;
  8. 2025 йил фаолияти якунлари бўйича фойда ёки зарарни тақсимлаш масаласини кўриб чиқиш;
  9. 2025 йил учун корпоратив бошқарув тизимини баҳолаш натижаларини кўриб чиқиш;
  10. 2026 йил учун аудиторлик ташкилотини танлаш ҳамда хизмат ҳақининг энг юқори миқдорини белгилаш.

Йиғилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга акциядорлар реестри 2026 йил 24 июнь ҳолатига шакллантирилади. Шунингдек, акциядорларни йиғилиш ўтказилиши ҳақида хабардор қилиш мақсадида реестрни шакллантириш санаси 2026 йил 5 июнь этиб белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Халқ банки тўлиқ давлат банки ҳисобланади. Акциядорлик таркибига кўра, банкнинг 74,42 фоиз улуши Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига, 25,58 фоизи эса Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тегишли. Банкнинг устав капитали 7 748,3 млрд сўмни ташкил этади.

Теглар:

#Халқ_банки#АУЙ

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган