Ориент Финанс банк акциядорларининг йиллик ҳисобот умумий йиғилиши 2026 йил 26 июнь куни соат 10:30 да Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Осиё кўчаси, 5-уйда жойлашган банк бош офисида ўтказилиши маълум қилинди.
Йиғилиш кун тартибига жами 19 та масала киритилган бўлиб, банк Кузатув кенгаши ва Бошқарувининг 2025 йил якунлари бўйича ҳисоботларини кўриб чиқиш, соф фойдани тақсимлаш, Кузатув кенгашининг янги таркибини сайлаш, ислом банк фаолиятини жорий этиш ҳамда Устав ва бошқарув органлари низомларини янги таҳрирда тасдиқлаш каби муҳим масалалар муҳокама қилинади.
Умумий йиғилишнинг тўлиқ кун тартиби қуйидагича:
- Саноқ комиссиясининг миқдорий ва шахсий таркибини тасдиқлаш;
- Йиллик ҳисобот умумий йиғилишини ўтказиш регламентини тасдиқлаш;
- Банкнинг 2025 йил йиллик ҳисоботини тасдиқлаш;
- Кузатув кенгашининг 2025 йил якунлари бўйича фаолият ҳисоботини тинглаш;
- Банк Бошқарувининг 2025 йил молиявий-хўжалик фаолияти ва 2026 йил устувор вазифалари бўйича ҳисоботини тинглаш;
- 2024-2030 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегиясининг 2025 йил ижро натижаларини кўриб чиқиш;
- 2025 йил молиявий ҳисоботи аудиторлик хулосасини кўриб чиқиш;
- 2025 йил корпоратив бошқарув тизимини баҳолаш натижаларини кўриб чиқиш;
- Соф фойдани тақсимлаш ва 2025 йил якунлари бўйича дивидендлар тўлаш;
- "Кўзда тутилмаган ҳолатлар" ҳисобварақларидаги умидсиз активларни ундириш бўйича кўрилган чоралар тўғрисида;
- 2026 йил учун аудиторлик ташкилотини белгилаш ва хизмат ҳақи энг юқори миқдорини аниқлаш;
- Банк Бошқаруви Раиси ва Бошқарув аъзолари билан меҳнат шартномаларини узайтириш;
- Банкнинг янги ташкилий тузилмасини тасдиқлаш;
- Банк Кузатув кенгаши баённомаларини тасдиқлаш;
- Банк Кузатув кенгаши аъзоларига мукофот пули тўлаш;
- Банк Кузатув кенгашининг янги таркибини сайлаш;
- Банк тизимида исломий банк фаолиятини жорий этиш;
- Банк Уставини янги таҳрирда тасдиқлаш;
- Банк бошқарув органлари тўғрисидаги низомларни янги таҳрирда тасдиқлаш.
Йиғилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга акциядорлар реестри 2026 йил 22 июнь ҳолатига шакллантирилади. Акциядорларни йиғилиш ўтказилиши ҳақида хабардор қилиш учун реестр шакллантириш санаси 2026 йил 4 июнь этиб белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, Ориент Финанс 2010 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Марказий банки лицензияси асосида фаолият юритувчи хусусий акциядорлик тижорат банки ҳисобланади. Маълумотларга кўра, банкнинг 57,2 фоиз улуши Пўлатов Сакен Джетибаевичга, 28,0 фоизи Аҳмеджанова Ситора Баҳодировнага тегишли. Қолган 14,8 фоизига бошқа акциядорлар эгалик қилади. Банкнинг устав капитали 1 964,1 млрд сўмни ташкил этади.
