БРБ акциядорларининг йиллик йиғилиши 29 июнда ўтказилади

08.06.2026 15:42

127

Бизнесни ривожлантириш банки акциядорларининг йиллик умумий йиғилиши 2026 йил 29 июнь куни масофадан ўтказилади. Йиғилиш кун тартибига 14 та масала, жумладан, 2025 йил якунлари бўйича ҳисоботларни кўриб чиқиш, фойдани тақсимлаш, устав капиталини камайтириш ва янги аудиторни белгилаш каби муҳим масалалар киритилган.

Фото: Bankers.uz

Бизнесни ривожлантириш банки акциядорларининг йиллик умумий йиғилиши 2026 йил 29 июнь куни соат 10:00 да evote.uz электрон овоз бериш платформаси орқали масофадан ўтказилиши маълум қилинди. Акциядорлар рўйхатдан ўтиши соат 09:00 дан 10:00 гача давом этиши банк томонидан эълон қилинди.

Йиғилишда иштирок этиш ва овоз бериш "Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси" АЖнинг evote.uz платформаси орқали таъминланади.

Йиғилиш кун тартибига жами 14 та масала киритилган бўлиб, улардан банк Кузатув кенгаши ва Бошқарувининг 2025 йил якунлари бўйича ҳисоботларини кўриб чиқиш, 2023 йил тақсимланмаган фойдаси ҳамда 2025 йил соф фойдасини тақсимлаш, устав капиталини камайтириш, Устав ва ички низомларига ўзгартиришлар киритиш ҳамда 2026-2027 йиллар учун аудиторлик ташкилотини белгилаш каби масалалар мавжуд.

Умумий йиғилиш кун тартиби:

  1. Саноқ комиссияси аъзолари сони ва шахсий таркибини тасдиқлаш;
  2. Акциядорлар умумий йиғилиши регламентини тасдиқлаш;
  3. Кузатув кенгашининг 2025 йилдаги фаолияти якунлари бўйича ҳисоботини кўриб чиқиш;
  4. Банк Бошқарувининг 2025 йил фаолияти натижалари, бизнес-режа ижроси ва 2026 йил устувор вазифалари бўйича ҳисоботини кўриб чиқиш;
  5. Банкнинг 2025 йил 31 декабрь ҳолатига бухгалтерия баланси ҳамда фойда-зарарлар ҳисоботини тасдиқлаш;
  6. 2023 йил тақсимланмаган фойдаси ҳамда 2025 йил соф фойдасини тақсимлаш;
  7. 2024-2026 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегиясининг 2025 йил ижроси тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқлаш;
  8. Кузатув кенгаши ва Бошқарув тўғрисидаги низомларига қўшимчалар киритишни тасдиқлаш;
  9. 2025 йил якунлари бўйича корпоратив бошқарув тизимини мустақил баҳолаш натижаларини кўриб чиқиш;
  10. Банкнинг устав капиталини камайтириш тўғрисида;
  11. Банк Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни тасдиқлаш;
  12. Авval рўйхатдан ўтказилган қимматли қоғозлар чиқаришларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни тасдиқлаш;
  13. 2025 йил якунлари бўйича халқаро стандартларга мувофиқ тайёрланган аудиторлик ҳисоботи ва хулосасини тасдиқлаш;
  14. 2026-2027 йиллар учун ташқи аудиторлик ташкилотини белгилаш ва хизмат ҳақи энг кўп миқдорини аниқлаш.

Йиғилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга акциядорлар реестри 2026 йил 23 июнь ҳолатига шакллантирилади. Акциядорларни йиғилиш ўтказилиши ҳақида хабардор қилиш учун реестр шакллантириш санаси 2026 йил 8 июнь этиб белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Бизнесни ривожлантириш банки тўлиқ давлат иштироки остидаги банк ҳисобланади. Акциядорлик таркибига кўра, банкнинг 52,30 фоиз улуши Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига, 47,16 фоизи эса Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тегишли. Қолган 0,54 фоизига юридик ва жисмоний шахслар эгалик қилади. Банкнинг устав капитали 5 689,1 млрд сўмни ташкил этади.

Теглар:

#Бизнесни_ривожлантириш_банки#АУЙ

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган