Фото: Мирзаолим Дилшодов / Bankers.uz
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистонда учинчи маҳаллий тўлов тизими рўйхатдан ўтди.
27 ноябрь куни Марказий банкнинг тўлов тизими оператори фаолиятини амалга ошириш лицензиясини олган "Qulay Pul" МЧЖ маҳаллий бозорда UNITED FINTECH бренди остида фаолият олиб боради.
9 декабрь куни "Qulay Pul" МЧЖ таъсисчилари Насочевскии Виктор Валдемарович ҳамда Исамиддинов Бахтиёржон Низомиддинович Bankers.uz билан суҳбатда бўлажак режалари, Ўзбекистон бозорида амалга оширмоқчи бўлган фаолияти тўғрисида гапириб берди.
"Айрим нашрларда бизни HUMO ва UZCARD'га рақобатчи компания очилди. Энди улар ҳам банк пластик карталари чиқаришадиʼ, деб айтишяпти. Аммо бизнинг режаларимиз бошқача. Биз UZCARD ва HUMO билан рақобат эмас, балки ҳамкорлик қилмоқчимиз. Умуман Ўзбекистоннинг барча банклари билан ҳамкорлик қилмоқчимиз. Биз Ўзбекистонда пул ўтказмалари ва тўловлар соҳасида янги инфратузилмавий финтех-ечимлар ишлаб чиқамиз", - дейди UNITED FINTECH таъсисчиларидан бири ва компания Бош директори Бахтиёржон Исамиддинов.
Фото: Мирзаолим Дилшодов / Bankers.uz
"Ҳар йили Ўзбекистонга четдан ўртача 5 млрд. доллар миқдорида пул ўтказмалари жўнатилади. Бу катта миқдор. Ушбу ўтказмаларнинг 80 фоизи Россиядан, 5-10 фоизи Қозоғистондан, қолгани бошқа давлатлардан амалга оширилади. Биз ишни Россиядан пул ўтказмаларини амалга оширишдан бошламоқчимиз. Юқорида айтганимдек, Ўзбекистонга энг кўп ўтказма Россиядан ўтказилади. Ҳозирда Ўзбекистон банклари билан пул ўтказмаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилиш учун учрашувлар ташкиллаштиряпмиз. Келаси йилнинг биринчи чорагидан хизмат кўрсатишни бошламоқчимиз", - дейди UNITED FINTECH таъсисчиларидан бири Виктор Насочевскии.
UNITED FINTECH мамлакат ташқарисидан пул ўтказмаларини амалга ошириш билан чекланиб қолмоқчи эмас. Тўлов оператори мамлакат ичкарисида бир шаҳардан иккинчисига нақд пулларни жўнатиш амалиётини ҳам йўлга қўйишни режалаштирган. "Бу борада энг катта рақобатчимиз маҳаллий таксичилар бўлади", - дейди Виктор Носачевскии ярим ҳазил, ярим чин оҳангда.
UNITED FINTECH тўлов операторининг кейинги режаларида Ўзбекистонга жўнатилаётган пул ўтказмалари бозорида етакчига айланиш, шунингдек, ушбу хизматни Марказий Осиёнинг қолган давлатларида ҳам тақдим қилиш мақсадлари борлиги маълум қилинди.
Тасодифий хабарлар
Асакабанк Тошкентдаги йирик корхонага пресс-тур уюштирди
Марказий банк эсдалик тангалари ва сувенир тўпламлари дизайнлари учун танлов эълон қилди
Бизнесни ривожлантириш банки 2023 йилдаги фаолиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказди