"Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик тижорат банки акциядорларининг навбатдаги йиллик умумий йиғилиши 2026 йил 30 июнь куни соат 11:00 да evote.uz электрон овоз бериш платформаси орқали масофадан ўтказилиши маълум бўлди. Йиғилишда қатнашувчи акциядорларнинг рўйхатдан ўтиши шу куни соат 10:00 дан 11:00 гача давом этади.
Йиғилиш кун тартибига жами 10 та масала киритилган. Жумладан, банк Кенгаши ва Бошқарувининг 2025 йил якунлари бўйича ҳисоботларини эшитиш, йиллик ҳисоботни тасдиқлаш, фойда тақсимлаш, Бошқарув аъзолари ваколатларини тасдиқлаш ҳамда Устав ва корпоратив бошқариш концепциясига ўзгартиришлар киритиш каби масалалар кўриб чиқилади.
Умумий йиғилишнинг тўлиқ кун тартиби қуйидагича:
- Банк Кенгаши ва Бошқарувининг 2025 йил якунлари бўйича фаолияти ҳамда ривожланиш стратегияси ижроси тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиш;
- Банкнинг 2025 йил якунлари бўйича йиллик ҳисоботини тасдиқлаш;
- Банк фойдасини тақсимлаш ва Кенгаш аъзоларига 2026-2027 корпоратив йил учун тўланадиган мукофот ва компенсациянинг энг юқори миқдорини белгилаш;
- 2026-2027 корпоратив йил учун Бошқарув аъзоларига тўланадиган мукофотнинг максимал миқдорини белгилаш;
- Банк Бошқаруви Раиси ва Бошқарув аъзолари ваколатларини 1 йилга тасдиқлаш;
- 2026 молия йили учун ташқи аудитор ташкилотини белгилаш ва хизмат ҳақи чегаравий миқдорини белгилаш;
- Банк Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни тасдиқлаш;
- PricewaterhouseCoopers томонидан ўтказилган 2025 йил корпоратив бошқарув тизимини мустақил баҳолаш натижаларини кўриб чиқиш;
- Банк гуруҳини корпоратив бошқариш концепциясини тасдиқлаш;
- Балансдан ташқари ҳисобварақлардаги активларни ундириш бўйича 2025 йил ҳисоботини кўриб чиқиш.
Йиғилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга акциядорлар реестри 2026 йил 24 июнь ҳолатига шакллантирилади. Акциядорларни йиғилиш ўтказилиши ҳақида хабардор қилиш учун реестр шакллантириш санаси 2026 йил 8 июнь этиб белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 1 май ҳолатига кўра "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ устав капитали 4 трлн 628,9 млрд сўмни ташкил этади. Акциядорлик капитали таркибида Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси 42,19 фоиз, Миллий инвестиция жамғармаси 40,00 фоиз, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 13,48 фоиз, "Ўзтрансгаз" АЖга 1,21 фоиз ва бошқа акциядорлар 3,11 фоиз улушга эга.
