Асакабанк акциядорларининг йиллик умумий йиғилиши 25 июнда ўтказилади

05.06.2026 10:39

74

«Асакабанк» АЖ акциядорлари йиллик умумий йиғилиши 2026 йил 25 июнь куни Тошкентда ўтказилади. Йиғилишда банкнинг 2025 йил якунлари бўйича ҳисоботлари, соф фойдани тақсимлаш, Кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш, 2026–2028 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш ҳамда банк уставига ўзгартиришлар киритиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилади.

Фото: Асакабанк

Асакабанк АЖ Кенгашининг 2026 йил 25 майдаги қарорига мувофиқ акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши 2026 йил 25 июнь куни соат 15:00 да Тошкент шаҳри, Tashkent city, AsakaTower биносида жойлашган банк бош офисида ўтказилиши маълум қилинди.

Йиғилиш кун тартибига жами 14 та масала киритилган бўлиб, улар қаторида банк Кенгаши ва Бошқарувининг 2025 йил якунлари бўйича ҳисоботларини кўриб чиқиш, соф фойдани тақсимлаш, Кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш ҳамда уставга ўзгартиришлар киритиш каби муҳим масалалар ўрин олган.

Умумий йиғилиш кун тартиби қуйидагича:

  1. Банк Кенгашининг 2025 йилдаги фаолияти якунлари бўйича ҳисоботи;
  2. Банк Бошқарувининг 2025 йил молиявий-хўжалик фаолияти якунлари бўйича ҳисоботи;
  3. 2025 йил текшируви натижалари бўйича ташқи аудитор ҳисоботи;
  4. 2025 йил йиллик ҳисоботини тасдиқлаш;
  5. 2025 йил соф фойдасини тақсимлаш;
  6. 2024-2026 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегияси ижросини кўриб чиқиш;
  7. 2026-2028 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш;
  8. Банк ташкилий тузилмасини тасдиқлаш;
  9. Кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш;
  10. Бошқарув аъзолари билан тузилган шартномаларнинг амал қилиш муддатини узайтириш;
  11. Жорий хўжалик фаолияти жараёнида аффилланган шахслар билан тузилиши мумкин бўлган битимлар рўйхатини тасдиқлаш;
  12. 2025 йил корпоратив бошқарув тизимини баҳолаш натижаларини кўриб чиқиш;
  13. "Исломий дарча" фаолиятини ташкил этиш доирасида Банк Уставига киритилаётган ўзгартиришларни тасдиқлаш;
  14. Банк Кенгаши тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш.

Йиғилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга акциядорлар реестри 2026 йил 19 июнь ҳолатига шакллантирилади. Акциядорларни йиғилиш ўтказилиши ҳақида хабардор қилиш учун реестр шакллантириш санаси 2026 йил 25 май этиб белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Асакабанк тўлиқ давлат банки ҳисобланади. Акциядорлик таркибига кўра, банкнинг 71,09 фоиз улуши Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига, 28,17 фоизи эса Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тегишли. Қолган 0,74 фоиз улуш бошқа акциядорлар ҳиссасига тўғри келади. Банкнинг устав капитали 7 трлн 774,3 млрд сўмни ташкил этади.

Теглар:

#асакабанк#АУЙ

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган