UZCARD тўлов тизими 2–4 июнь кунлари Амстердам шаҳридаги RAI Amsterdam мажмуасида бўлиб ўтаётган Money20/20 Europe 2026 тадбирида иштирок этмоқда. Тадбир Where Money Does Business (“Пул бизнесга айланадиган майдон”) шиори остида ўтказилиб, банк сектори, тўлов индустрияси, финтех компаниялари, технологик провайдерлар, стартаплар, инвесторлар, чакана савдо, регуляторлар ҳамда киберхавфсизлик соҳаси етакчи вакилларини бирлаштиради.
UZCARD учун бу Money20/20 Europe — финтех индустриясининг асосий халқаро платформаларидан биридаги иккинчи иштирокдир. Компания халқаро майдондаги иштирокини изчил кенгайтириб, Ўзбекистон тўлов инфратузилмасининг ривожланишини глобал профессионал ҳамжамиятга намойиш этмоқда.
Money20/20 Europe молиявий технологиялар келажагини белгилаб берувчи трендлар, ҳамкорликлар ва ечимлар муҳокама қилинадиган энг муҳим халқаро тадбирлардан бири ҳисобланади. 2026 йилда тадбир дастури сунъий интеллект, интеграциялашган молиявий хизматлар, тўловлар келажаги, рақамли идентификация ва тартибга солиш масалаларини қамраб олади.
Тадбир доирасида UZCARD вакиллари халқаро ҳамкорлар, финтех компаниялари ва технологик провайдерлар билан учрашувлар ўтказиб, рақамли тўловлар соҳасида ҳамкорлик истиқболлари ва тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилмоқда.
“Money20/20 Europe тадбиридаги иштирок UZCARD компаниясининг рақамли молия ва нақдсиз иқтисодиёт келажаги бўйича глобал профессионал мулоқотнинг бир қисми бўлишга интилишини акс эттиради. Компания учун бу Ўзбекистон тўлов инфратузилмаси ютуқларини халқаро бозорга тақдим этиш, технологик ҳамкорликни кенгайтириш, экспертиза алмашиш ва янги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш имкониятидир”, — дея изоҳ берди UZCARD вакиллари.
UZCARD стендида, шунингдек, ERA, ATTO, BTech ва Plum Tech компаниялари ҳам молия бозори ҳамда рақамли иқтисодиёт учун ўз технологик ечимларини намойиш этмоқда.

Фото: UZCARD
“Бугунги кунда халқаро бизнеснинг Ўзбекистон бозорига бўлган қизиқиши ортиб бораётганини кузатмоқдамиз. Plum Tech маҳаллий тўлов инфратузилмасини тақдим этади: Ўзбекистонда ўз фаолиятини йўлга қўяётган хорижий компаниялар бизнинг ёрдамимизда маҳаллий фойдаланувчилардан тўловларни қабул қилишлари мумкин. Бу уларнинг Ўзбекистон бозорига киришини соддалаштиради. Бугунги кунда бундай ечимларга энг катта қизиқиш Европа, Хитой ва БАА компаниялари томонидан билдирилмоқда”, — деди Plum Tech компанияси вакили.
UZCARD замонавий тўлов технологиялари ва мамлакат рақамли иқтисодиётини ривожлантиришга кўмаклашган ҳолда, Ўзбекистоннинг халқаро финтех харитасидаги мавқеини мустаҳкамлашда давом этмоқда.
Ҳамкорлик асосида.
