Туронбанк акциядорларининг йиллик умумий йиғилиши 26 июнда ўтказилади

04.06.2026 14:40

115

«Туронбанк» АТБ акциядорларининг йиллик умумий йиғилиши 2026 йил 26 июнь куни Тошкент шаҳрида ўтказилади. Йиғилиш кун тартибида банк Кенгаши ва бошқарувининг 2025 йил якунлари бўйича ҳисоботларини тасдиқлаш, молиявий натижаларни кўриб чиқиш, соф фойдани тақсимлаш, ташқи аудиторни белгилаш ҳамда устав ва ташкилий тузилмага ўзгартиришлар киритиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинади.

Фото: Туронбанк

Туронбанк акциядорларининг навбатдаги йиллик умумий йиғилиши 2026 йил 26 июнь куни соат 11:00 да Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Абай кўчаси, 4а уйда ўтказилиши маълум қилинди. Акциядорлар ва уларнинг вакиллари рўйхатдан ўтиши соат 10:00 да бошланади.

Йиғилиш кун тартибига жами 15 та масала киритилган бўлиб, улар орасида банк Кенгаши ва Бошқарувининг 2025 йил якунлари бўйича ҳисоботларини тасдиқлаш, соф фойдани тақсимлаш, ташқи аудиторни белгилаш, эълон қилинган акцияларнинг янги миқдорини белгилаш ҳамда устав ва ташкилий тузилмага ўзгартиришлар киритиш каби масалалар мавжуд.

Йиғилиш кун тартиби (тўлиқ) қуйидаги масалалардан иборат:

  1. Саноқ комиссияси шахсий таркибини тасдиқлаш;
  2. Йиллик умумий йиғилиш регламентини тасдиқлаш;
  3. Банк Кенгашининг 2025 йилдаги фаолияти ва ривожланиш стратегияси бўйича ҳисоботини тасдиқлаш;
  4. Банк Бошқарувининг 2025 йил молиявий якунлари ва 2026 йил асосий йўналишлари бўйича ҳисоботини тасдиқлаш;
  5. 2025 йил якунлари бўйича ташқи аудит хулосасини кўриб чиқиш;
  6. 2025 йил якунлари бўйича йиллик ҳисобот, бухгалтерия баланси ва фойда-зарарлар ҳисоботини тасдиқлаш;
  7. "Умидсиз" активларни ундириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар ҳисоботини тасдиқлаш;
  8. 2025 йил якунлари бўйича соф фойдани тақсимлаш тартибини тасдиқлаш;
  9. Корпоратив бошқарув тизимини мустақил баҳолаш натижаларини кўриб чиқиш;
  10. 2026 йил учун ташқи аудиторни тасдиқлаш ва хизмат ҳақи чегаравий миқдорини белгилаш;
  11. Аффилланган ва алоқадор шахслар билан кейинги йиғилишгача тузилиши мумкин бўлган битимлар рўйхатини аниқлаш ва маъқуллаш;
  12. Банкнинг янги ташкилий тузилмасини тасдиқлаш;
  13. Балансдан ташқари ҳисобварақда сақланаётган активларни ҳисобдан чиқариш;
  14. Эълон қилинган акцияларнинг янги миқдорини белгилаш;
  15. Банк Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни тасдиқлаш.

Йиғилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга акциядорлар реестри 2026 йил 22 июнь ҳолатига шакллантирилади. Акциядорларни йиғилиш ўтказилиши ҳақида хабардор қилиш учун реестр шакллантириш санаси 2026 йил 3 июнь этиб белгиланган.

Маълумот учун, 2025 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, банкнинг устав капитали 1 634,1 млрд сўмни ташкил этади. Акциядорлик таркибида Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига 81,82 фоиз, Иқтисодиёт ва молия вазирлигига 17,06 фоиз, қолган 1,12 фоиз эса бошқа акциядорларга тегишли.

Теглар:

#туронбанк#АУЙ

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган