Микрокредитбанк акциядорларининг йиллик йиғилиши 29 июнда ўтказилади

04.06.2026 12:37

281

«Микрокредитбанк» АТБ акциядорларининг йиллик умумий йиғилиши 2026 йил 29 июнь куни ўтказилади. Йиғилишда банкнинг 2025 йил якунлари бўйича ҳисоботлари, соф фойдани тақсимлаш, дивидендлар тўлаш, 2026-2028 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш ҳамда устав ва ички ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилади.

Фото: Микрокредитбанк

«Микрокредитбанк» АТБ акциядорларининг навбатдаги йиллик умумий йиғилиши гибрид форматда 2026 йил 29 июнь куни Тошкент шаҳрида ўтказилади. Акциядорлар йиғилишда бевосита ёки evote.uz электрон овоз бериш платформаси орқали масофадан иштирок этишлари мумкин. Кун тартибига 12 та масала киритилган бўлиб, улар орасида 2025 йил якунлари бўйича ҳисоботларни тасдиқлаш, соф фойдани тақсимлаш, дивидендлар тўлаш, 2026-2028 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш ҳамда банкнинг устави ва ички ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш масалалари мавжуд.

Умумий йиғилиш кун тартиби қуйидагича:

  1. Саноқ комиссияси таркибини тасдиқлаш;
  2. Йиллик умумий йиғилиш регламентини тасдиқлаш;
  3. Кузатув кенгашининг 2025 йил фаолияти якунлари бўйича ҳисоботини тасдиқлаш;
  4. Банк Бошқарувининг 2025 йил якунлари, ривожланиш стратегияси ва 2026 йил устувор вазифалари бўйича ҳисоботини тасдиқлаш;
  5. 2025 йил якунлари бўйича йиллик ҳисобот, бухгалтерия баланси, фойда-зарарлар ҳисоботи ва аудиторлик хулосасини тасдиқлаш;
  6. 2025 йил соф фойдасини тақсимлаш ва имтиёзли акциялар бўйича дивидендлар тўлаш;
  7. 2026-2028 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш;
  8. 2025 йил якуни бўйича корпоратив бошқарув тизимини баҳолаш натижаларини тасдиқлаш;
  9. Бошқарув раиси ва унинг ўринбосарлари фаолиятининг 2025 йил KPI натижаларини кўриб чиқиш;
  10. Банк Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;
  11. Кузатув кенгаши ва Бошқарув тўғрисидаги низомларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;
  12. Аффилланган шахслар билан ва йирик битимларни кейинги йиллик умумий йиғилишгача бўлган даврда тузилиши мумкин бўлган битимларни аниқлаш ва маъқуллаш.

Йиғилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга акциядорлар реестри 2026 йил 23 июнь ҳолатига шакллантирилади. Акциядорларни йиғилиш ўтказилиши ҳақида хабардор қилиш учун реестр шакллантириш санаси 2026 йил 2 июнь этиб белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Микрокредитбанк тўлиқ давлат банки ҳисобланади. Акциядорлик таркибига кўра, банкнинг 50,39 фоиз улуши Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига, 49,10 фоизи эса Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тегишли. Жами юридик шахслар улуши 99,49 фоизни ташкил этади, қолган 0,51 фоиз бошқа акциядорлар ҳиссасига тўғри келади. Банкнинг устав капитали 7 145,3 млрд сўмни ташкил этади.

Теглар:

#микрокредитбанк#АУЙ

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган