Ўзбекистон банклари ва финтехидаги белорус экспатлари

04.06.2026 11:51

397

Ўзбекистон банк ва финтех соҳаси менежментига хорижий экспатларни жалб қилиш амалиёти бир неча йиллардирки оммалашиб қолди. "Office Life" нашри Ўзбекистон банк ва финтехида ишлаётган белоруслик кадрлар ҳақида материал тайёрлади. Қуйида ушбу мақола таржимасини ўқишингиз мумкин.

Фото: Pexels.com

Ўзбекистоннинг банк ва молиявий технологиялар (финтех) соҳаси сўнгги йилларда жадал ривожланиш босқичини бошдан кечирмоқда. 2022 йил бошланган геосиёсий вазият фонида айрим давлатлардан Ўзбекистонга кадрлар оқими кучайди. Кейинчалик эса, банк ва финтех соҳасига экспатларни жалб қилиш одатий ва оммавий тус олди.

Белоруснинг "ОfisLife" нашри Ўзбекистон банк ва финтехида раҳбар лавозимларга жалб қилинган маҳаллий кадрлар ҳақида кичик мақола тайёрлади. Bankers.uz мазкур материал матнини таржима қилган ҳолда тақдим этади.

Беларуслик юқори бўғин раҳбарлари бугунги кунда Ўзбекистоннинг миллий тўлов тизимлари, анъанавий ва рақамли банклари ҳамда йирик технологик экотизимларида муҳим раҳбарлик лавозимларини эгаллаб келмоқда.

Ўзбекистон молия бозорининг рақамли инфратузилмасини ривожлантиришда хорижий мутахассисларнинг тажрибасидан кенг фойдаланилмоқда:

HUMO тўлов тизими: Жорий йилнинг май ойи ўрталарида Беларусь Банк процессинг марказининг (БПЦ — «Белкарт» миллий тўлов тизими оператори) собиқ бош директори Александр Сотников Ўзбекистондаги HUMO тўлов тизими бошқаруви раиси ўринбосари лавозимига тайинланди (тўлов тизими сайтида ҳозирча бу ҳақда ахборот йўқ - таҳр.).

Александр Сотников Фото: Белкарт

Қайд этиш жоизки, мазкур ташкилотда бир йилдан буён БПЦ бош директорининг иқтисодиёт ва молия бўйича собиқ ўринбосари Елена Бекиш ҳам фаолият юритмоқда. У ҳозирда стратегик бизнес ривожлантириш департаменти ижрочи директори лавозимини эгаллаб турибди.

Елена Бекиш / Фото: LinkedIn

Uzum экотизими: Ўзбекистоннинг биринчи “unicorn” технологик компанияси ва энг йирик рақамли экотизими ҳисобланган Uzum гуруҳида молиявий директор лавозимида Никита Гуляев ишламоқда (у шунингдек UzumBank кузатув кенгаши аъзоси ҳисобланади - таҳр.). Н.Гуляев ушбу лавозимга ўтишдан аввал тўққиз йил давомида Alfa-Bank Belarusʼда, шунингдек, EY ва PwC халқаро консалтинг компанияларининг Беларусь офисларида фаолият юритган.

Никита Гуляев / Фото: Uzum

Беларуслик экспертлар классик банк тизими билан бир қаторда рақамли банкинг (необанк) соҳасини ривожлантиришга ҳам жалб этилган:

InfinBANK: Мазкур хусусий тижорат банки бошқаруви раисининг ўринбосари лавозимида Алеся Фролова фаолият кўрсатмоқда. У Беларусь Халқ банкидаги кўп йиллик фаолиятидан сўнг Ўзбекистон молия бозорига кириб келган.

Алеся Фролова / Фото: InFinBank

Hamkorbank (Tez иловаси): Ҳозирда Hamkorbank томонидан ишга туширилган Tez мобил иловасининг бош директори (CEO) лавозимида Александр Филиппович ишламоқда. У илгари рақамли Uzum Bankʼда операцион директор ва бошқарув раиси сифатида ишлаган бўлиб, Беларусь банк тизимида (Белинвестбанк, Дельта Банк ва БНБ-Банк) 20 йилдан ортиқ бошқарув тажрибасига эга.

Александр Филиппович / Фото: vetka.fpb.1prof.by

Ipoteka bank OTP Group: Хорижий капитал иштирокидаги банкларда ҳам ушбу тенденция кузатилмоқда. Венгриянинг OTP Group таркибига кирувчи Ipoteka bank бошқаруви раиси ўринбосари ва ахборот технологиялари (АТ) блоки раҳбари лавозимида Дмитрий Волчек ишламоқда. У меҳнат фаолиятини 1998 йилда Беларусь Миллий банкида бошлаган бўлиб, кейинчалик Приорбанк, Банк Дабрабыт ва WebPay компанияларида АТ йўналишларини бошқарган.

Дмитрий Волчек / Фото: Ipoteka bank

Ўзбекистон молиявий секторининг либераллашуви ва рақамли трансформацияси халқаро тажрибага эга бўлган юқори малакали экспертларга бўлган талабни оширмоқда. Беларусь банк соҳаси вакилларининг маҳаллий бозорга фаол жалб этилиши молия муассасаларида рақамли хизматлар сифатини ошириш ва халқаро стандартларни жорий этиш жараёнини тезлаштиришга хизмат қилмоқда.

Дилафруз Икромжонова тайёрлади

Теглар:

#экспат#белорус

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган