Ўзбекистон банкларининг ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги —таҳлил

03.06.2026 10:17

412

Ўзбекистон тижорат банкларининг ижтимоий тармоқлардаги жами аудиторияси 3,6 миллион нафардан ошди. Bankers.uz таҳлилларига кўра, банклар учун Instagram энг йирик қамров майдонига, Telegram эса асосий мулоқот каналига айланган. Рақамли макондаги умумий етакчиликни эса TBC Bank, Anorbank ва Uzum Bank ўз қўлида сақлаб турибди.

Фото: Bankers.uz

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар сони тахминан 33 млн (шундан фаол фойдаланувчила 15 млн) нафарни ташкил этади ва сўнгги бир йилда аудитория 42 фоизга ошган. Юртимизда энг оммабоп алоқа воситаси Telegram мессенжери бўлиб, ушбу тармоқдан Ўзбекистонда 27 миллион фойдаланувчи фаол фойдаланади.

Ижтимоий тармоқлар ва видеохостинглар орасида эса фойдаланувчилар сони бўйича Instagram (14,2 миллион) ва YouTube (13 миллион) етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринларни Facebook (2,3 миллион) ҳамда LinkedIn (1,1 миллион) платформалари эгаллаб турибди.

Фойдаланувчилар сонининг изчил ўсиши бўйича Instagram мамлакатдаги энг йирик ижтимоий тармоқлардан бири бўлиб қолмоқда, шунингдек, LinkedIn ҳам профессионал тармоқ сифатида фойдаланувчилар сонини ошириб бормоқда.

Bankers.uz тижорат банкларининг Ўзбекистондаги оммабоп ижтимоий тармоқлар — Telegram, YouTube, Instagram, Facebook ва LinkedIn'даги обуначилар сони (қамрови) ҳамда фаоллиги юзасидан кичик таҳлил ўтказди. Таҳлил 2026 йил 1 июнь ҳолатига кўра мамлакатдаги 34 та банк бўйича амалга оширилди.

Ўзбекистондаги барча банкларнинг ижтимоий тармоқлардаги жами обуначилари сони 3,6 млн нафардан ошган. Шундан Instagram'да 2,1 млн, Telegram'да 834 минг, YouTube'да 301 минг, Facebook'да 302 минг ва LinkedIn'да 142 минг обуначи мавжуд.

Инфографика: Bankers.uz

Instagram

Обуначилар сони бўйича энг кўп кўрсаткич Instagram'да қайд этилган. Банклар ушбу ижтимоий тармоқдан кўпроқ бренд имижини шакллантириш (branding), маҳсулот ва хизматларни визуал тарғиб қилиш (lifestyle маркетинг) ҳамда интерактив танловлар орқали аудиторияни жалб қилиш мақсадида фойдаланишмоқда.

Instagram'даги обунчалари сони бўйича биринчи ўринни TBC Bank (292 минг), иккинчи ўринни Anorbank (184 минг), учинчи ўринни Orient Finance Bank (159 минг) эгаллаган. Тўртинчи ва бешинчи ўринларда эса иккита давлат банки - мос равишда Асакабанк (129 минг) ва SQB (126 минг) жойлашган.

Фаоллик жиҳатидан кўпчилик банклар Instagram'да доимий фаол ҳисобланади. Бироқ, айрим банклар, масалан Poytaxt Bank (6,3 минг) ҳамда Open Bank (14,9 минг) Instagram саҳифалари доимий фаол юритилмаслиги маълум бўлди. Шунингдек, Asia Alliance Bank'нинг эски саҳифаси техник сабаб туфайли ўчириб юборилган ва янги саҳифа юритишни бошлаган. Hayot Bank'да эса фаол саҳифа топилмади.

Telegram

Telegram банклар учун тезкор ахборот алмашинуви, мижозларни қўллаб-қувватлаш (customer service) ва янги тарифлар, валюта курслари, хизматлар ҳақида қисқа хабарномаларни тарқатиш мақсадида асосий майдонча бўлиб хизмат қилмоқда. Банклар мазкур тармоқда фақат саҳифалар эмас, турли хил ботлар орқали ҳам тезкор қайта алоқа тизимини йўлга қўйган.

Telegram саҳифаларидаги обуначилари бўйича Anorbank (145,7 минг) етакчилик қилмоқда. Шунингдек, Халқ банки (133,4 минг) иккинчи, Uzum Bank (113,8) учинчи ўринни эгаллаган. Тўртинчи ва бешинчи ўринларни Агробанк (61,2) ва Ipoteka bank OTP Group (42,9 минг) эгаллаб турибди.

Poytaxt Bank (1,1 минг), Infin Bank (1,2 минг) ва My Bank (684 та) Telegram'да энг кам обуначига эга банклар бўлиб қолмоқда. Фақатгина Эроннинг Saderat Bankʻи шўъба банки Telegram'да саҳифа юритмаслиги маълум бўлди.

Шунингдек, (асосан давлат банкларида) расмий саҳифаларидан ташқари матбуот хизматлари учун алоҳида Telegram саҳифаларини юритадиган банклар ҳам мавжуд. Жумладан, Агробанк, Асакабанк, Алоқабанк, Микрокредитбанк, Туронбанклар банк фаолиятига оид янгилик ва хабарларни алоҳида каналлар орқали тақдим этиб боради.

YouTube

YouTube платформасидан банклар асосан молиявий саводхонликни ошириш, медиа лойиҳалар, реклама роликлари ва хизматлардан фойдаланиш бўйича видеойўриқномалар (tutorials) жойлаштириш мақсадида фойдаланишмоқда.

Ушбу ижтимоий тармоқда Агробанк (104 минг) биринчи, TBC Bank (50,2 минг) иккинчи, Туронбанк (32,6 минг) учинчи ўринни эгаллаган. Тўртинчи ва бешинчи ўринларни мос равишда Халқ банки (21 минг) ва Avo Bank (13,6 минг) эгаллаб турибди.

Айрим банклар, масалан Hamkorbank, Tengebank ва TBC Bank YouTube каналлари обуначилари кўп бўлса-да, доимий фаол эмаслиги маълум бўлди. Шунингдек, Uzum Bank, Apex Bank, Hayot Bank, KDB Bank, ва Mybank, Saderat Bank'ларнинг YouTube тармоғидаги саҳифалари бўйича маълумот топилмади.

Facebook

Facebook банклар томонидан кўпроқ расмий баёнотлар, корпоратив янгиликлар, B2B (бизнес учун) маҳсулотлар ва таҳлилий материалларни улашиш мақсадида юритилади. Шунингдек, мазкур тармоқда одатда Instagram билан параллел постлар жойлаштириб борилиши маълум.

Facebook'даги саҳифалари обуначилари сони бўйича Orient Finance Bank (40 минг) биринчи, Kapitalbank (37,4 минг) иккинчи, Hamkorbank (28 минг) учинчи ўринни эгаллаган. Тўртинчи ўринда Ipak Yo'li Bank (24 минг), бешинчи ўринда SQB (20 минг) турибди.

Garant Bank, KDB Bank ва Uzum Bank'ларнинг Facebook'даги саҳифалари бўйича маълумот топилмади.

LinkedIn

Бизнес платформаси ҳисобланган LinkedIn'дан банклар HR-брендни ривожлантириш (ходимларни жалб қилиш), корпоратив маданиятни кўрсатиш, раҳбарият фикрлари ва бўш иш ўринларини (vacancies) эълон қилиш мақсадида фойдаланишмоқда.

Ушбу ижтимоий тармоқдаги обунчачилари (кузатувчилари) сони бўйича Uzum Bank (41,2 минг) биринчи, TBC Bank (20 минг) иккинчи, Anorbank (13 минг) учинчи, Ipoteka bank (12 минг) тўринчи ўринни, Ipak Yo'li Bank (9 минг) бешинчи ўринни эгаллаган.

Poytaxt Bank, MY Bank ва Turonbank LinkedIn'да саҳифаларига эга бўлсалар-да, обуначилар сони 65 тадан 100 тагача. Айрим банклар бўйича эса маълумот топилмади.

Умумий хулоса

Барча платформалар бўйича жами обуначилар сонига кўра TBC Bank (қарийб 400 минг) биринчи, Anorbank (353 мингдан ортиқ) иккинчи, Uzum Bank (284,4 мингдан ортиқ) учинчи, Agrobank (274,4 мингдан ортиқ) тўртинчи ва Orient Finance Bank (қарийб 219 минг) бешинчи ўринни эгаллаган. Энг кам кўрсаткич KDB Bank'да (2,3 минг) қайд этилган.

Умуман олганда, Ўзбекистон банклари ижтимоий тармоқларда фаолликни ошириб бормоқда. Бироқ айрим банклар бир ёки бир нечта платформада фаолият юритмаётгани, мавжуд саҳифаларнинг эса баъзилари фаол эмаслиги кузатилмоқда. Instagram барча платформалар ичида обуначилар сони бўйича энг катта улушни ташкил этаётган бўлсада, Telegram банклар учун энг фаол мулоқот майдончасига айланиб бормоқда.

* Маълумотлар банкларнинг расмий ижтимоий тармоқ саҳифаларидан олинди. Хатолик ёки ноаниқларни кўрсангиз, аниқланган тақдирда таҳририятга мурожаат қилишингиз сўралади.

Теглар:

#телеграм#фейсбук#youtube#реклама

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган