Ўзмиллийбанк акциядорларининг йиллик умумий йиғилиши 22 июнда ўтказилади

02.06.2026 11:06

160

Жорий йилнинг 22 июнь куни “Ўзмиллийбанк” АЖ акциядорларининг умумий йиғилиши бўлиб ўтади. Йиғилишда банк устав капиталини ошириш масаласи, йиллик молиявий натижаларни муҳокама қилиш ҳамда бир нечта муҳим ташкилий-ҳуқуқий қарорлар қабул қилиниши режалаштирилган.

Фото: Bankers.uz

“Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖ акциядорларининг навбатдан ташқари (йиллик) умумий йиғилиши 2026 йил 22 июнь куни бўлиб ўтиши режалаштирилган. Йиғилиш соат 15:00 да Тошкент шаҳри, Амир Темур шоҳ кўчаси, 101-уй манзили (Банк бош офиси биноси)да ўтказилади.

Умумий йиғилишда банк фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда унинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлашга қаратилган бир нечта ташкилий ва молиявий масалалар муҳокама қилинади. Хусусан, йиғилиш кун тартибидан банкнинг молиявий ҳисоботларини кўриб чиқиш, устав капиталини кўпайтириш ва ички низомларга ўзгартиришлар киритиш билан боғлиқ жами 11 та муҳим масала жой олган.

Акциядорлар банкнинг 2025 йил якунлари бўйича Бизнес-режаси ижроси тўғрисидаги ҳисоботини, шунингдек банкнинг 2025 йилдаги молиявий-хўжалик фаолияти якунлари бўйича консолидациялашган йиллик ҳисоботини кўриб чиқади. Бундан ташқари, банк Кузатув кенгашининг 2025 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи тингланади ва ўтган йил якунлари бўйича шаклланган соф фойдани тақсимлаш масаласини атрофлича кўриб чиқилади.

Кун тартибида банк устав капитали миқдорини ошириш ҳамда қўшимча акциялар чиқариш тўғрисидаги қарорни тасдиқлаш масалалари ҳам киритилган. Шунингдек, йиғилиш давомида банкнинг аффилланган шахслари билан 2026 йил якунлари бўйича кейинги йиғилишгача бўлган даврда кундалик хўжалик фаолияти доирасида тузилиши мумкин бўлган битимларни маъқуллаш масаласи ҳам муҳокама этилади.

Йиғилиш иштирокчилари Банклараро ҳисоб-китоб маркази ва ҳудудий Бош бошқармаларнинг балансдан ташқари ҳисобварақларида 5 йилдан ортиқ муддат давомида сақланаётган ҳамда ундириш имконияти мавжуд бўлмаган кредит қарздорликларини ҳисобдан чиқариш масаласини ҳам муҳокама қиладидар. Ички ҳужжатларни такомиллаштириш доирасида банкнинг “Кузатув кенгаши тўғрисида”ги амалдаги низомига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳам режалаштирилган.

Мазкур умумий йиғилишда иштирок этиш ва овоз бериш ҳуқуқига 2026 йил 18 июнь ҳолатига кўра шакллантирилган акциядорлар реестрида мавжуд бўлган шахслар эга бўладилар.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Ўзмиллийбанкнинг 38,14% акциясига Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, 61,86% акциясига Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси эгалик қилади.

Теглар:

#ўзмиллийбанк#NBU#АУЙ

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган