Марказий банк ЖИДУ билан ҳамкорлик меморандумини имзолади

25.05.2026 11:56

200

Марказий банк ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ўртасида илмий-академик ҳамкорликни ривожлантириш ва таълим тизимини амалиёт билан интеграция қилиш бўйича меморандум имзоланди. Келишув доирасида қўшма тадқиқотлар ўтказиш, талабаларнинг МБда амалиёт ўташини ташкил этиш, банк ходимлари учун ўқув курсларини йўлга қўйиш ҳамда стартапларни қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.

Фото: www.uwed.uz

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) ўртасида илмий ва академик ҳамкорлик бўйича Англашув меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат томонлар ўртасида илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, таълим ва амалиёт интеграциясини кучайтириш ҳамда молия тизими учун кадрлар тайёрлаш мақсадини кўзлайди.

Фото: www.uwed.uz

Ҳамкорлик доирасида қуйидаги тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган:

  • Қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини йўлга қўйиш ва илмий нашрлар тайёрлаш;
  • Ахборот ресурслари ҳамда илмий маълумотлар базаларидан биргаликда фойдаланиш;
  • Конференция, форум, семинар ва тренинглар ташкил этиш.

Меморандумга кўра, Марказий банк мутахассислари университет ўқув режаларини замонавий талабларга мослаштириш бўйича тавсиялар беради, талабалар учун маҳорат дарслари ўтказади ва уларнинг илмий ишларига маслаҳатчи сифатида жалб этилади.

Фото: www.uwed.uz

Шунингдек, ЖИДУнинг бакалавриат, магистратура ва докторантура босқичи талабалари учун Марказий банкда амалиёт ўташ имкониятлари кенгайтирилади. Докторантларнинг илмий ишлари мавзулари Марказий банк учун долзарб бўлган йўналишлар билан боғланади.

Фото: www.uwed.uz

Ўз навбатида, Марказий банк ходимлари учун ЖИДУда тадқиқот методлари, маълумотлар илми (data science), макроиқтисодиёт ва микроиқтисодиёт йўналишларида махсус ўқув курслари ташкил этилади.

Бундан ташқари, томонлар инновацион ва стартап экотизимини ривожлантириш, стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, уларни инкубация ва акселерация дастурлари орқали ривожлантириш ҳамда инвестициялар жалб этиш соҳасида ҳам ҳамкорлик қилади.

Теглар:

#ЖИДУ#Тимур_Ишметов#меморандум

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган