OSON ва EZGU AMAL жамғармаси онкологик касалликларга чалинган болаларга ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолади. Меморандумни имзолаш маросими 22 май куни OSON компаниясининг бош офисида бўлиб ўтди. Ҳамкорлик доирасида томонлар қўшма ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишни ва тўлов тизими фойдаланувчилари учун хайрия қилишнинг янада қулай воситаларини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.

Фото: OSON
Ҳамкорлик йўналишларидан бири EZGU AMAL жамғармасини OSON тизимига интеграция қилишдан иборат. Бу эса фойдаланувчиларга жамғарма қарамоғидаги болаларни қўллаб-қувватлаш учун хайрия маблағларини тез ва қулай тарзда ўтказиш имконини беради.
Маълумот ўрнида, EZGU AMAL — онкологик ва бошқа оғир касалликларга чалинган болаларга ёрдам кўрсатувчи хайрия жамғармасидир. Ташкилот оилаларга даволаниш харажатларини қоплашда кўмаклашади, шунингдек, турли ижтимоий ва хайрия ташаббусларини амалга оширади.
OSON компанияси вакилларининг таъкидлашича, мазкур жамғарма билан ҳамкорлик қилиш компаниянинг ижтимоий ташаббусларни ривожлантириш ҳамда ёрдамга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган узоқ муддатли стратегиясининг бир қисми ҳисобланади.

Фото: OSON
Томонларнинг биринчи қўшма ташаббуси 26 май куни ўтказиладиган «Донорлар куни» акцияси бўлади. Унда OSON ходимлари иштирок этиб, жамғарма қарамоғидаги беморлар учун қон топширадилар. Шунингдек, мазкур лойиҳа Ўзбекистонда бундай форматдаги биринчи корпоратив ташаббус, яъни OSON компаниясининг шахсий қон банкини ривожлантириш йўлидаги қадамларидан бирига айланади.
EZGU AMAL жамғармаси раҳбариятининг қайд этишича, ушбу лойиҳа жамғарма фаолиятида янги ва муҳим йўналишни, яъни мунтазам донорликни ривожлантириш ҳамда саратон билан курашаётган болаларга ёрдам бериш имкониятларини кенгайтириш йўлини очиб беради.
