2026 йил 1 июлдан бошлаб Сандро Ртвеладзе Ipoteka bank OTP Group бошқаруви раиси лавозимидаги фаолиятини якунлайди. Бу ҳақда банк расмий сайтида маълум қилинган.
Пресс-релизда айтилишича, сўнгги икки йил давомида банк OTP Group томонидан сотиб олинганидан кейин кенг кўламли трансформация босқичини босиб ўтди ва мазкур жараёнда Сандронинг иштироки муҳим бўлди. Ушбу битим Ўзбекистонда давлат банкининг илк хусусийлаштирилиши бўлиб, йирик Европа банк гуруҳининг мамлакат бозорига кириб келишига йўл очди.
Қайд этилишича, Сандро Ртвеладзе лавозимга тайинланган пайтда Ipoteka bank асосан ипотека портфели улуши юқори бўлган давлат молия институти сифатида фаолият юритарди. Унинг раҳбарлиги даврида асосий жараёнлар реструктуризация қилинди, капитал мустаҳкамланди, активлар сифати яхшиланди ва банкнинг рентабеллиги тикланди. Ушбу ўзгаришлар барқарор бизнес моделини шакллантириш ҳамда банкни рискларни бошқариш, самарадорлик ва даромадлилик бўйича OTP Group стандартларига мослаштириш имконини берди.
Шунингдек, ушбу давр мобайнида кучли бошқарув жамоаси шакллантирилди ва банкнинг келгусидаги барқарор ўсиши учун асос бўладиган операцион модель яратилди.
«Сандро атиги икки йил ичида Ipoteka bank'да кенг қамровли трансформацияни амалга ошириб, банк фаолиятини OTP Group стандартларига мувофиқлаштирди ва унинг янада ривожланиши учун кучли бошқарув жамоасини шакллантирди. Кузатув кенгаши ва OTP Group номидан унга етакчилиги, профессионаллиги ҳамда ўз ишига содиқлиги учун миннатдорчилик билдираман ва келгуси фаолиятида муваффақиятлар тилайман», - дейди Ipoteka bank OTP Group Кузатув кенгаши раиси ва OTP Group бош директорининг ўринбосари Ласло Вольф.
Банкдаги фаолиятини якунлаётганини изоҳлар экан, Сандро Ртвеладзе OTP Group раҳбариятига ушбу муҳим даврда банкка раҳбарлик қилиш имконияти ва билдирган ишончи учун, шунингдек, Ipoteka bank OTP Group’даги жамоамга улкан меҳнати учун миннатдорчилик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, Сандро Ртвеладзе 2020 йилда Ўзбекистондаги TBC Bankнинг Кузатув кенгашини бошқарган, 2022 -2023 йилларда OTP Bankнинг Россиядаги шўъба банкида бошқарув раиси ўринбосари, 2023-2024 йилларда бошқарув раисининг Технология, трансформация ва стратегиялар бўйича маслаҳатчиси сифатида ишлаганди. У 2024 йилнинг июнь ойида Ipoteka bank OTP Group бошқаруви раиси лавозимига тайинланганди.
