"Ниятларимиз катта" — Шухратбек Курбанов янги финтех компанияга раҳбар бўлганини маълум қилди

18.05.2026 18:03

262

Финтех-мутахассис Шухратбек Курбанов Марказий банкнинг Ахборотлаштириш бош маркази (95%) ва Гаров реестри (5%) компаниялари таъсисчилигида очилган Simple Smart Systems компаниясига раҳбар бўлди. «Лойиҳа расман давлат секторига тегишли бўлса-да, "руҳан" бу — стартап», — деб таъкидлади Курбанов.

Фото: Bankers.uz

Шухратбек Курбонов Simple Smart Systems финтех компаниясида ўз фаолиятини бошлади. Бу ҳақда мутахассис ўзининг LinkedIn'даги саҳифасида маълум қилди.

Янги лойиҳа Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни кредитлаш бозорини технологик нуқтаи назардан трансформация қилишни мақсад қилган. "Бу лойиҳа давлатга тегишли бўлса ҳам, ишлаш жараёнимиз ва руҳиятимиз худди стартаплардагидек эркин ва қизғин", — деб таъкидлади Курбонов.

“Ниятларимиз эса худди HUMO лойиҳасидагидек катта: биз шунчаки бор нарсани озгина яхшилаб қўймоқчи эмасмиз, балки бозорни бутунлай янги даражага олиб чиқмоқчимиз.”, — дея қўшимча қилди у.

Simple Smart Systems компанияси жорий йилнинг апрель ойида ташкил этилган бўлиб, маълумотларни жойлаштириш ва уларга ишлов бериш хизматларини кўрсатиш билан шуғулланади. Корхонанинг устав капитали 57,25 млрд сўмни ташкил этади. Компания тўлалигича Ўзбекистон Марказий банки тузилмалари —"Ахборотлаштириш бош маркази" МЧЖ (95%) ҳамда "Гаров реестри" МЧЖ (5%) га тегишли.

Simple Smart Systems ўз диққатини иккита стратегик йўналишга — микрофирмалар, кичик ва ўрта корхоналар иштирокчи банклардан танлов асосида молиялаштириш жалб қила оладиган кредит маркетплейсини ишлаб чиқиш ҳамда сунъий интеллект ва машинали таълим (AI/ML) қўлланилган ҳолда банклар учун скоринг тизимини яратишга қаратади. У “автоматлаштириш мумкин бўлган жойларда” қўл меҳнатисиз, мавжуд маълумотларнинг тўлиқ массиви асосида қарз олувчиларнинг кредитга лаёқатлилигини аниқ баҳолашни таъминлайди.

Апрел ойида Шухратбек Курбанов TBC Bank Uzbekistan раҳбари маслаҳатчиси лавозимидан кетишини эълон қилар экан, рақамли экотизим жамоасига “рақамли банк қуриш нима эканини қайта англаб етиш” имконияти учун миннатдорлик билдирганди.

Теглар:

#Курбанов#МБАБМ#стартап

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган