Марказий банк банкоматлар орқали хизмат кўрсатиш сифатини оширишга чақирди

15.05.2026 11:37

179

Марказий банк тижорат банклари ва тўлов тизимларига банкоматлардаги техник носозликлар ҳамда маблағларни қайтариш тизимини такомиллаштириш бўйича кўрсатма берди. Регуляторнинг таъкидлашича, банкомат билан боғлиқ муаммолар оддий техник ҳодиса эмас, балки мижоз манфаатига бевосита таъсир кўрсатадиган устувор масала сифатида кўриб чиқилиши керак.

Фото: Bankers.uz

Марказий банк 2026 йилнинг 15 май куни тижорат банклари, тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларига банкоматлар инфратузилмаси билан ишлаш тартибини такомиллаштириш юзасидан кўрсатма хат юборди. Ҳужжатда банкоматларда нақд пул ечишда юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш ва техник хатоликлар ҳисобини тизимли юритиш зарурлиги кўрсатилган.

Марказий банк банкомат орқали картадан маблағ ечилиб, нақд пул берилмаслиги, маблағларнинг узоқ кечикиш билан қайтарилиши ёки муваффақиятсиз амалиёт учун хизмат ҳақи ушлаб қолиниши каби ҳолатларни иккинчи даражали техник ҳодиса эмас, балки истеъмолчиларнинг мулкий манфаатларига бевосита таъсир этувчи масала сифатида баҳолаган.

Шунингдек, мижоз картаси банкоматда қолиб кетганда унга ўз вақтида маълумот берилмаслиги ҳамда мазкур масала бўйича ташкилотлар ўртасида масъулиятнинг бир-бирига ўтказилиши каби мижозларга нисбатан адолатсиз муносабатлар шакллангани қайд этилган.

Регулятор бозор иштирокчиларига банкомат билан боғлиқ муаммолар юз берганда мижозлар учун ҳаракатлар кетма-кетлигини ва хизмат ҳақлари тўғрисидаги маълумотларни шаффоф тарзда эълон қилиш кераклигини уқтирган. Хатда қайд этилишича, нақд пул берилмаслиги ёки картани ушлаб қолиш ҳолатларини устувор мурожаат сифатида белгилаш ва мурожаат қабул қилинганда унинг идентификацион рақами ҳамда кўриб чиқиш муддати кўрсатилган тасдиқнома тақдим этилиши лозим. Муаммони ички манбалар, жумладан, журналлар, видео ёки инкассация далолатномаси орқали тасдиқлаш имкони бўлганда, мижозни банк офисига такроран чақирмаслик ва муассасалар ўртасида сарсон қилмаслик зарурлиги айтилган. Мижозлар мурожаат қилган алоқа каналидан, яъни колл-марказ, мобил илова, сайт ёки филиалдан қатъи назар, юзага келган ҳодиса бўйича аниқ ва бир хил мазмундаги маълумот олиши таъминланиши керак.

Банк ва тўлов тизимларида "мурожаатни кўриб чиқиш" моделидан "кафолатланган натижа" моделига ўтиш вазифаси қўйилган бўлиб, бунда пулдан фойдаланиш имконияти тикланган вақт асосий кўрсаткич сифатида қабул қилинади. Тўлов тизимлари томонидан тасдиқланган хатоликлар бўйича маблағларни мижоз мурожаатисиз проактив тарзда қайтариш амалиётини кенгайтириш, шунингдек, ички тартиб-таомилларни қайта кўриб чиқиб, муваффақиятсиз амалиётлар учун ушлаб қолинган комиссияларни асосий сумма билан бир вақтда ёки автоматик равишда қайтаришни йўлга қўйиш белгиланган. Бундан ташқари, муваффақиятсиз амалиётларни тезкор қайта ишлашга қаратилган технологик ечимларни жорий этиш, инсон омили иштирокини қисқартириш ва носозликлар сабабини таҳлил қилган ҳолда тегишли чоралар кўриш талаб этилган.

Хатда шунингдек, банкомат ва инфокиоск ускуналарнинг техник ҳолати юзасидан банкоматларнинг алоқа, электр таъминоти ва узлуксиз қувват манбалари (UPS) тизимлари ишлашини таъминлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилган. Эскирган ускуналарни алмаштириш ҳамда кўча юзаларида жойлашган ёки кўп шикоят тушаётган қурилмаларга алоҳида профилактик эътибор қаратиш вазифаси юклатилган.

Марказий банк банкоматлар инфратузилмасини ривожлантириш фақат миқдорий ўсишда эмас, балки хизмат кўрсатиш стандартлари сифатида ҳам намоён бўлиши кераклигини таъкидлаган. Техник носозлик юз берганда тизим истеъмолчини муаммо билан ёлғиз қолдирмаслиги ва масалани тушунарли ҳамда адолатли тарзда ҳал этиши шартлиги белгилаб қўйилган. Шу муносабат билан бозор иштирокчилари истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини камайтириш ҳамда банкоматлар иш сифатини ошириш бўйича тезкор амалий чоралар кўришга чақирилган.

Теглар:

#банкомат#инфокиоск

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган