Қайтадан хусусийлаштирилиш, янги Бошқарув раиси ва янги мобил илова — "Asia Alliance Bank"да 2021 йил якунлари

Bankers.uz "Йил якунлари" сарлавҳаси остида банкларда йил якунларига бағишлаб туркум материалларни эълон қилиб бормоқда. Бугунги мақоламиз "Asia Alliance Bank" АТБ тўғрисида бўлади.

AAB-2021

Банк ҳақида қисқача маълумот

“Asia Alliance Bank” акциядорлик тижорат банки Ўзбекистоннинг хусусий банкларидан бири. Банк республика бўйлаб 9 та филиали ҳамда 12 та минибанклари орқали мижозларга хизмат кўрсатиб келади.

Банк 2009 йил 15 августдан бошлаб мижозларга хизмат кўрсатиш ҳуқуқини қўлга киритди. Ўша куни Хусусий очиқ акциядорлик тижорат банки “Asia Alliance Bank” банк операцияларини ўтказиш учун Марказий банкнинг 79-сонли лицензиясини олди.

Asia Alliance Bank шиори: Сизнинг янги имкониятларингиз

Asia Alliance Bank Бошқарув раиси Хакимов Умиджон Абдухаликович ҳисобланади. Банк Кузатув кенгаши билан қуйида танишишингиз мумкин:

AAB-Kuzatuv kengashi1

Asia Alliance Bank Кузатув кенгаши аъзолари 

Банкнинг молиявий кўрсаткичлари

2021 йил III чораги якунларига кўра, Asia Alliance Bank активлари миқдори 3,22 трлн. сўмни ташкил қилмоқда. Ушбу маблағнинг 2,29 трлн. сўми миллий валютада, 936,75 млрд. сўми хорижий валютада шаклланган. 1 октябрь ҳолатида банк капитали 378,34 млрд. сўмни ташкил қилади. Asia Alliance Bank 2021 йилнинг январь-октябрь ойларида жами 502,55 млрд. сўм даромад қилган. Ушбу даромаднинг 64,6% и фоизли даромадлар ҳиссасига тўғри келади. Бу даврда банкнинг соф фойдаси 41,21 млрд. сўмни ташкил қилади. Соф фойданинг 11,72 млрд. сўми миллий валютада, 29,49 млрд. сўми хорижий валютада шаклланган.

2020 йил якунларига кўра, банкнинг баланс соф фойдаси 47,1 млрд. сўм бўлганини ҳисобга олсак, 2021 йил якунлари бўйича соф фойда кўрсаткичи ўтган йилга нисбатан деярли ўзгариш бўлмаётганини прогноз қилиш мумкин.

Банкдаги ўзгаришлар

2021 йилда Asia Alliance Bank Бошқарув раиси алмашди. Банкка раҳбарлик қилиб келаётган Икром Абдукахоров банк Кузатув кенгаши аъзоси бўлганидан кейин, ўша вақтдаги Бошқарув раиси биринчи ўринбосари Хакимов Умиджон Абдухаликович Бошқарув раиси этиб тайинланган. 19 октябрдан ушбу вазифани бажаришга киришган У.Хакимов Asia Alliance Bank’га келганидан бери (2011 йил ноябрь) Бошқарув раиси биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келган. Умуман олганда, ҳозирги Бошқарув раиси яхши карьерага эга раҳбар ҳисобланади. Меҳнат фаолияти давомида "ABN AMRO Bank NB Uzbekistan A.O." (2006-2008), "Royal Bank of Scotland NB Uzbekistan CJSC" (2008-2011) банкларида Бошқарув раиси ўринбосари лавозимида ишлаган.

Хакимов1

Расмда Умиджон Хакимов чапда. Фото: Gazeta.uz

Йил бошида Asia Alliance Bank давлат банкларидан биринчи бўлиб кредит ставкаларини бозор тамойилларидан келиб чиқиб белгилаган эди. Шунингдек, 19 январь куни банк Россиянинг Сбербанки билан вакиллик муносабатларини ўрнатди. Натижада март ойига келиб банк Сбербанк мобил алоқа тизимига қўшилди. Бу Asia Alliance Bank мижозларига Россиянинг Сбербанкидан пул ўтказмаларини олиш имкониятини яратди.

Йил бошида банк эгалиги давлат тасарруфида эди. 2 июль куни банк расмий сайтида берилган хабарга кўра, Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфидаги “Asia Alliance Bank” АТБ акцияларини банкнинг аввалги йирик акциядори бўлган Gor Investment Ltd (Буюк Британия) компаниясига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Ҳозирда банк хусусий банклар қаторида эътироф этилади. Лекин Давлат статистика қўмитаси маълумотларида ҳалиям (8 декабрь ҳолатига кўра) банк акциядори сифатида Давлат активларини бошқариш агентлиги (100%) турибди.

AAB-Statqo'm

Манба: Давлат статистика қўмитаси

8 сентябрда Asia Alliance Bank Тошкентда Ислом тараққиёт банки бошқарувчилар кенгашининг 46 -йиллик йиғилишида иштирок этди. Йиғилишда ИТБ Президенти Муҳаммад Сулаймон Ал-Жассир “Asia Alliance Bank” АТБ Ўзбекистонда биринчи бўлиб Ислом шартлари асосида савдони молиялаштиришни йўлга қўйганлиги учун банкни Халқаро Ислом савдо-молия корпорациясининг “The First Partner Bank in Uzbekistan” ёрлиғи билан тақдирлади.

AAB-IDB

Фото: Asia Allince Bank

2021 йилги янгиликлардан бири банк томонидан жисмоний шахсларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган “Alliance” иловаси тақдимоти бўлди. Alliance тақдим этилган 19 октябрдан шу вақтга қадар Google Play Market'дан 10 минг мартадан ортиқ юклаб олинган. Ушбу илова орқали масофадан туриб идентификациядан ўтиш ҳамда банк мижозига айланиш имконияти йўлга қўйилган. Банкнинг шу вақтга қадар фойдаланиб келинаётган мобил иловаси “MyAlliance”да бундай имконият мавжуд эмас. Янги илова тақдимотидан кейин MyAlliance ўчирилмади ва банкда ҳозирда иккита мобил илова параллель ишламоқда.

Alliance

Фото: Asia Alliance Bank

Умуман олганда Asia Alliance Bank йил давомида ҳам маҳаллий, ҳам халқаро банк пластик карталари орқали турли акциялари ўтказиб, мижозларни ўзига жалб қилишга ҳаракат қилиб келмоқда.

Банк сайти - aab.uz 3 тилда: ўзбек, рус ва инглиз тилларида юритилади.

Банкнинг алоқа маркази телефони - 71 231 60 00 бўлиб, ҳозирчалик қисқа рақам жорий қилинмаган.

Asia Alliance Bank ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини ҳам фаол тарзда юритади. Банкнинг Телеграм, Фейсбук, Instagram саҳифаларида доимий постлар эълон қилиб борилади.

Мирзаолим Дилшодов

×