Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида Марказий банк фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг мустақиллиги ва банк тизими барқарорлигини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қонун лойиҳаси билан Марказий банк, унинг ҳудудий бош бошқармалари ва тасарруфидаги ташкилотлар фаолиятини текшириш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қарори асосида ёки қонунда назарда тутилган ҳолларда амалга ошириш назарда тутилмоқда.
Марказий банкнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини мажбурий келишиш ҳамда кредит ташкилотлари учун пруденциал нормативларни, корпоратив бошқарувни, таваккалчиликларни бошқариш тизимига доир ва бошқа талабларни белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини соддалаштириш таклиф этилмоқда.
Шу билан бирга, қонун лойиҳаси билан молия бозорида юзага келадиган фавқулодда вазиятлар шароитида тезкор ҳуқуқий чоралар кўриш мақсадида Марказий банкнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини кучга киришига оид қоидалар белгиланмоқда.

Мажлисда сўзга чиққан Марказий банк раиси ўринбосари Санжар Носиров / Фото:Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Депутатлар мазкур қонун лойиҳаси банк тизимидаги таваккалчиликларни самарали бошқариш, назорат механизмларини кучайтириш ва замонавий халқаро амалиётларни жорий этишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади, дейилади хабарда.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
