Тошкентда мижознинг 500 минг доллар омонатини ўзлаштирган банк ходимлари ушланди

13.05.2026 10:14

397

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидагидаги банклардан бирининг масъул ходимлари мижозга тегишли 500 минг АҚШ доллари миқдоридаги омонат маблағларини қалбаки ҳужжатлар асосида ўзлаштиргани фош этилди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Прокуратура департаменти

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида жойлашган тижорат банкларидан бирининг масъул ходимлари мижознинг йирик миқдордаги омонат маблағларини ноқонуний ўзлаштиргани маълум бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Департаментнинг Учтепа туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланишича, банк масъуллари фуқаро И.М. томонидан банк омонатига жойлаштирилган 500 000 АҚШ доллари миқдоридаги маблағни қалбаки ҳужжатлар тузиш орқали қўлга киритиб, талон-торож қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан банкнинг масъул шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Айни пайтда ушбу жиноят иши доирасида дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Теглар:

#прокуратура#талон_торож#омонат#жиноят

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган