Халқ банки ва Mastercard стратегик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда

07.05.2026 13:56

159

Халқ банки ва Mastercard компанияси ўртасида имзоланган стратегик келишув доирасида Ўзбекистон молия бозорида инновацион ечимлар — янги авлод "Xalq Card" банк карталари ҳамда сунъий интеллектга асосланган тезкор ва шаффоф кредитлаш тизими жорий этилади.

Фото: Халқ банки

Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилиши доирасида Халқ банки ҳамда Mastercard компанияси ўртасида муҳим стратегик келишув имзоланди.

Ушбу келишув Ўзбекистон молия бозорида иккита асосий йўналиш — янги авлод банк карталарини жорий этиш ҳамда сунъий интеллектга асосланган кредитлаш тизимини ривожлантиришга хизмат қилади.

Xalq Card – мижозга йўналтирилган янги флагман

Яқин истиқболда тақдим этилиши кутилаётган Xalq Card маҳсулоти бозордаги мавжуд таклифлардан ўзининг индивидуал имтиёзлари билан ажралиб туриши таъкидланмоқда. Лойиҳа доирасида халқаро тажриба ва маҳаллий бозор конъюнктураси таҳлил қилиниб, фойдаланувчилар учун махсус қулайликлар тизими яратилади. Асосий мақсад — банк картасини шунчаки тўлов воситаси эмас, балки мижознинг кундалик ҳаётидаги энг фойдали кўмакчисига айлантиришдир.

Сунъий интеллект асосидаги кредит скоринги

Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши — кредит олиш жараёнларига сунъий интеллект (AI) технологияларини интеграция қилишдир. Бунда инсон омили иштирокисиз, тезкор ва аниқ баҳолаш тизими йўлга қўйилади.

Янги тизим қуйидаги имкониятларни тақдим этади:

  • Тезкорлик: кредит сўровларини бир неча сония ичида кўриб чиқиш;
  • Аниқлик: маълумотларга асосланган (data-driven) таҳлил орқали рискларни минималлаштириш;
  • Очиқлик: молиявий хизматларни аҳолининг барча қатламлари учун янада шаффоф ва қулай қилиш.
"Мазкур келишув Халқ банки хизматларига замонавий халқаро молиявий технологияларни жорий этиш йўлидаги навбатдаги қадамдир. Бу ўз навбатида мижозлар учун банк хизматларидан фойдаланиш жараёнини соддалаштиради ва тезкорликни таъминлайди", — дейилади банк хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқ банки трансформация жараёнлари доирасида рақамли хизматлар кўламини кенгайтириши ҳақида маълум қилган эди.

Теглар:

#Халқ_банки#mastercard#ОТБ

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган