Visa халқаро тўлов компанияси Сергей Мартынчукнинг Украина, Молдова, Жануби-Шарқий Европа, Марказий Осиё ва Кавказ бўйича катта вице-президент ва минтақавий менежер лавозимига тайинланганини эълон қилди.
Янги лавозимда у Киевда ишлайди ҳамда минтақанинг 17 та мамлакатида операцион фаолиятни ва компания стратегиясини амалга оширишни назорат қилади.
Сергей Мартынчук минтақада 20 йилга яқин бошқарув тажрибасига эга бўлиб, бундан олдин Cisco компаниясида қарийб 18 йил турли лавозимларида ишлаган, у ерда технологик трансформациялар ва стратегик ташаббуслар билан шуғулланган. У компьютер фанлари ва молия соҳасида маълумотга эга.
Мартынчукка қадар бу лавозимда Visa’нинг қўшимча хизматлар бўлимидаги глобал лавозимга тайинланган ва компаниянинг бош офиси жойлашган Сан-Францискога кўчиб ўтган Кристина Дорош ишлаган эди.

Кристина Дорош / Фото: Spot
Янги минтақавий раҳбарнинг масъулият доирасига банклар, савдо тармоқлари, технологик компаниялар ва давлат тузилмалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, рақамли тўлов ечимларини оммалаштириш киради.
Visa’нинг Марказий ва Шарқий Европа, Яқин Шарқ ва Африка бўйича минтақавий президенти Тарек Маҳмуд ушбу тайинлов компаниянинг минтақадаги мавқеини мустаҳкамлашини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Мартынчукнинг технологиялар ва йирик жамоаларни бошқариш соҳасидаги тажрибаси мижозлар ва ҳамкорлик лойиҳаларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Мартынчукнинг ўзи бу тайинловни муҳим минтақада рақамли тўловлар ривожини кучайтириш, шунингдек, ўтказмалар учун ечимлар ҳамда хавфсизлик ва рақамли технологиялар билан боғлиқ хизматлардан фойдаланишни кенгайтириш имконияти сифатида кўришини қайд этди.
Visa Ўзбекистонда 30 йилдан ортиқ вақтдан бери фаолият юритиб, банклар, савдо корхоналари ва давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Компания токенизация, биометрик аутентификация ва электрон тижорат учун ечимларни жорий этган ҳолда мамлакатда рақамли тўлов инфратузилмасини ривожлантиришда давом этмоқда.
