Бизнесни ривожлантириш банки хорижий молия институтлари билан стратегик музокаралар ўтказди

06.05.2026 15:01

157

Бизнесни ривожлантириш банки Осиё тараққиёт банкининг Самарқанддаги анжумани доирасида жаҳоннинг етакчи молия институтлари билан стратегик музокаралар ўтказди. Кичик ва ўрта бизнес учун янги экотизимини тақдим этган банк еврооблигациялар чиқариш, савдони молиялаштириш ва хорижий инвестицияларини жалб қилишни мақсад қилган.

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилиши доирасида "Бизнесни ривожлантириш банки" АТБ томонидан кичик ва ўрта бизнесни (КЎБ) қўллаб-қувватлашга қаратилган сессия ҳамда қатор халқаро молия институтлари билан стратегик музокаралар ташкил этилди. 

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

"Молиявий бўлмаган хизматлар КЎБ ўсиши катализатори сифатида" мавзусидаги сессияда банкнинг молиявий бўлмаган хизматларининг тадбиркорликни ривожлантиришдаги роли муҳокама қилинди. ОТБнинг Хусусий сектор молия институтлари бўйича директори Суҳаил Ёқуб Хон модераторлигида ўтган тадбирда Бизнесни ривожлантириш банки Бошқаруви раиси Сахи Аннакличев банкни тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг яхлит экотизимига айлантириш стратегиясини тақдим этди. Тадбирда қайд этилишича, бугунги кунда КЎБ учун фақатгина молиявий ресурслар ажратишнинг ўзи етарли эмас, балки ўқитиш, менторинг, консалтинг ва янги бозорларга чиқишга кўмаклашиш каби молиявий бўлмаган хизматлар барқарор бизнес моделларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

Анжуман доирасида банкнинг халқаро ҳамкорлигини кенгайтириш, хорижий ресурсларни жалб қилиш ва замонавий молиялаштириш механизмларини жорий этиш мақсадида бир қатор икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтди. Хусусан, Буюк Британиянинг Standard Chartered Bank ва ICBC Standard Bank молия муассасалари билан халқаро молия институтлари кафолатлари остида молиялаштиришни ташкил этиш ҳамда еврооблигациялар чиқариш бўйича ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди. Шунингдек, Австриянинг Raiffeisen Bank International, БААнинг Abu Dhabi Commercial Bank ва Германиянинг Commerzbank AG банклари билан савдони молиялаштириш, аккредитив ва ғазначилик операциялари йўналишида алоқаларни ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

Бундан ташқари, муассаса вакиллари Грузиянинг Foresight компанияси билан инвестицион шерикликни ривожлантириш, Туркиянинг Kuveyt Türk Participation Bank муассасаси билан ислом молияси тамойиллари асосида ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда Франция тараққиёт агентлиги билан барқарор ривожланиш лойиҳаларини молиялаштириш бўйича музокаралар олиб борди. 

ОТБнинг тегишли департаментлари раҳбарияти билан ўтказилган учрашувларда эса "Савдони енгиллаштириш дастури" (Trade Facilitation Program) доирасидаги ҳамкорлик, узоқ муддатли молиялаштириш линияларини жалб қилиш, қисман кредит кафолатлари механизмларидан фойдаланиш ва аралаш молиялаштириш инструментларини жорий этиш масалалари келишиб олинди. Ушбу музокаралар якунида хорижий ҳамкорлар билан ресурс базасини диверсификация қилиш ва илғор молиялаштириш инструментларини жорий этиш бўйича стратегик шерикликни мустаҳкамлашга қарор қилинди.

Теглар:

#Бизнесни_ривожлантириш_банки#самарқанд#ОТБ

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган