Халқ банки ва ОТБ стратегик ҳамкорликнинг янги босқичини бошламоқда

06.05.2026 17:48

140

Халқ банки ва Осиё тараққиёт банки ўртасида банкнинг институционал трансформациясини жадаллаштириш ҳамда глобал капитал бозорларига мустақил чиқиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган янги стратегик келишув имзоланди. Мазкур ҳамкорлик банкнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлашда муҳим қадам ҳисобланади.

Фото: Халқ банки

Ўзбекистон Республикаси Халқ банки ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ўртасидаги кўп йиллик ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Томонлар банкнинг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш, замонавий молиявий бошқарув стандартларини жорий этиш ҳамда халқаро молия бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтиришни кўзда тутувчи навбатдаги стратегик келишувни имзоладилар.

Сўнгги йилларда Осиё тараққиёт банкининг техник кўмагида амалга оширилган транформация жараёнлари натижасида Халқ банки фаолиятида муҳим институционал ўзгаришлар қайд этилди. Хусусан, молия муассасасининг стратегик ривожланиш модели янгиланиб, операцион самарадорлик ва таваккалчиликни бошқариш тизими халқаро стандартлар даражасига олиб чиқилди. Шунингдек, ушбу саъй-ҳаракатлар доирасида Халқ банки ОТБнинг «Инклюзив молия секторини ривожлантириш дастури»нинг фаол иштирокчисига айланди.

Янги келишув доирасида банкнинг 2026–2028 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик изчил давом эттирилади. Бунда асосий эътибор активлар сифати ва кредит портфели шаффофлигини ошириш, шунингдек, инвесторлар учун молиявий профилни кучайтириш орқали инвесторлар билан алоқалар (Investor Relations) салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилади.

Шу билан бирга, риск-менежмент тизимини илғор хорижий тажриба асосида янада такомиллаштириш ҳамда ESG (экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув) тамойиллари асосидаги очиқлик ва ҳисоботлилик тизимини жорий этиш устувор вазифалар қаторидан жой олган.

Мазкур ҳамкорликнинг энг муҳим стратегик йўналишларидан бири сифатида банкнинг халқаро капитал бозорларидан мустақил равишда маблағ жалб қилиш имкониятларини кенгайтириш белгиланган. Ушбу йирик мақсадларни амалга ошириш учун ОТБ томонидан махсус техник кўмак маблағлари ажратилди.

Эришилган ушбу келишув Халқ банкининг нафақат Ўзбекистон молия бозорида, балки халқаро миқёсда ҳам замонавий, очиқ ва ишончли банк сифатидаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Теглар:

#Халқ_банки#ОТБ

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган