"Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик тижорат банки Кузатув кенгашининг тегишли қарори билан банкнинг ижро этувчи органи – бошқарув таркибига ўзгартиришлар киритиш ҳамда янги аъзони тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.
Унга мувофиқ, "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ бошқаруви раиси ўринбосари лавозимига Абдурашид Бахром ўғли Хакимов тайинланган. Шунингдек, Абдурашид Хакимов банк бошқаруви таркибига ҳам киритилган.
Абдурашид Хакимов 2018 йил Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетини (бакалавр), 2022 йили эса Германиянинг Тюбинген университети (Eberhard Karls Universität Tübingen) магистратурасини тамомлаган.
А.Хакимов ўз меҳнат фаолиятини 2018 йил Ўзсаноатқурилишбанкнинг Молиявий институтлар билан ишлаш департаментида бошлаган. Кейинчалик мазкур банкнинг Корпоратив бизнес департаменти директори ўринбосари (2022-2023), Молиявий институтлар ва инвесторлар билан ишлаш департаменти директори (2023 йил декабрдан буён) лавозимларида ишлаб келган. 2024 йил октябр ойидан Ўзсаноатқурилишбанкнинг суғурта компанияси SQB Insurance Кузатув кенгаши аъзоси этиб сайланган.
Бошқарув раиси ўринбосари лавозимида 2020 йилдан буён ишлаб келаётган Шухрат Якубов бошқарув раисининг хусусийлаштириш жараёнларини бошқариш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига ўтказилган.

Шухрат Якубов. Фото: Ўзсаноатқурилишбанк
