Шавкат Мирзиёев ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини барқарорлаштириш ҳамда тадбиркорларни ўйлантираётган муаммоли масалаларни ҳал этиш юзасидан тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Хусусан, таклифлар орасида рақамлаштириш ва банк хизматларидан фойдаланиш харажатларини камайтириш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган.
Тақдимотда жисмоний шахсларнинг ўз банк карталари ўртасидаги пул ўтказмаларини комиссиясиз амалга ошириш тартибини жорий этиш таклифи билдирилган.
Шунингдек, банк карталаридаги операциялар хавфсизлиги учун қўлланиладиган антифрод SMS хабарномалар харажатларини қайта кўриб чиқиш, уларнинг ўрнига мобил иловалардаги хабарномалар ёки биометрик идентификация каби муқобил ечимлардан фойдаланиш таклиф қилинган.
Президент назорат ва тартибга солиш механизмларини соддалаштириш, рақамлаштириш жараёнларини бизнесга қўшимча юк эмас, қулайлик яратадиган воситага айлантириш зарурлигини таъкидлаган.
Бундан ташқари умумий овқатланиш, алкоголь, тамаки ва ёқилғи сотиш соҳаларида харид чеки бўйича кешбекни тезкор қайтариш тизимини жорий этиш таклиф қилинган.
Тақдимотда тижорат банклари балансидаги йирик мол-мулклар масаласига ҳам эътибор қаратилган. Бугунги кунда банклар балансида қиймати 10 миллиард сўмдан юқори бўлган 70 та мол-мулк мавжудлиги, мазкур активларни иқтисодиётга қайта жалб қилиш, уларга инвестор топиш ва ишлаб чиқариш майдонларига айлантириш бўйича алоҳида механизмлар ишлаб чиқилиши зарурлиги айтилган.
