Фото: Исмоил Туропов / Bankers.uz
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги пластик карточкалари эгаларининг пул маблағлари тўсатдан ва рухсатсиз ечиб олинаётгани ҳақидаги кўп сонли хабарлари юзасидан муносабат билдирди. Бу ҳақда "Газета.уз" нашри хабар бермоқда.
Агентлик банкка қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланиб карта эгаларини хабардор қилмасдан ва улар билан келишмасдан пул маблағлари ечиб олинаётгани бўйича сўров юборган.
Бундан ташқари, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги банк қандай ҳолатларда мижоз ҳисоб рақамидан пул ечиб олиши мумкинлигини эслатиб ўтган: мижоз тегишли топшириқни бериши керак (Ўзбекистон Фуқаролик кодекси 783-модда). Мижознинг топшириғисиз ҳисобварақда турган пул маблағларини ўчиришга суднинг қарори билан, шунингдек қонунларда белгилаб қўйилган ёхуд банк билан мижоз ўртасидаги шартномада назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилади.
Банк ҳисоб рақамидан асоссиз равишда пул ечиб олинган тақдирда, мижознинг талаби билан тегишли маблағ ҳисоб рақамига тезлик билан қайтарилиши керак.
ФКнинг 327-моддасига мувофиқ, банк асоссиз ечиб олинган маблағлар суммасига фоиз тўлаши ва зарарни қоплаши керак. Банк мижозга келган пул маблағлари ҳисобвараққа ўз вақтида киритиб қўйилмаган ёки банк ҳисобварақдан маблағларни асоссиз равишда ўчирган ҳолларда банк мижознинг талаби билан тегишли суммани дарҳол ҳисобвараққа киритиб қўйиши шарт, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно (785-модда).
Банк ҳисобварағи шартномаси мижознинг аризасига мувофиқ исталган вақтда бекор қилинади (788-модда).
Агентлик декабрь ойи бошида рухсатсиз пул ечиб олинган тақдирда, "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонун талаблари бузилган бўлади: ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт (6-модда); ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт (19-модда).
Ўрганишлар якунлари бўйича тўлиқ маълумот берилади, дейилади хабарда.
Мавзуга доир: Ижтимоий тармоқларда жуда кўп фойдаланувчилар ўз пластик картасидаги маблағлар ечиб олингани ҳақида ёзишмоқда
Тасодифий хабарлар
Moody's бир нечта Ўзбекистон банкларининг кредит рейтингларини қайта кўриб чиқди
Россия Марказий банки асосий ставкани 21 фоизга ошириш тўғрисида қарор қабул қилди
Маҳаллабай ишлаш бўйича айрим тадбиркорларга 10% лик кредит берилади