Марказий банк маълумотларига кўра, бугунги кунда Марказий банк томонидан 34 та банкка, 1 та микромолия банкига ва 50 та тўлов ташкилотига лицензия берилган. Регулятор сайтида келтирилишича, амалда энг сўнгги рўйхатдан ўтган тўлов ташкилоти "ZAYTUN TECH" акциядорлик жамияти ҳисобланади.
Корпоратив ахборот ягона порталида эълон қилинган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан "ZAYTUN TECH" акциядорлик жамиятига 67-сонли лицензия берилган. Мазкур ҳужжат компанияга молия бозорида "Тўлов ташкилоти" сифатида хизмат кўрсатиш ҳуқуқини беради. Лицензия 2026 йилнинг 6 март куни расмийлаштирилган ва чекланмаган муддатга берилган.
"ZAYTUN TECH" АЖ 2023 йилда давлат рўйхатидан ўтган бўлиб, шу вақтга қадар банк ва молия сектори учун рақамли платформалар ҳамда дастурий ечимлар яратувчи IT-компания (Fintech-стартап) сифатида фаолият юритиб келган. Устав капитали 20 млрд сўм. Корхона юридик манзили Тошкент шаҳар Яшнобод тумани Тўйтепа МФЙ Истиқбол кўчаси 21-уй манзилида жойлашган.
Компания бошқарув раиси Мамутов Руслан Мамутович бўлиб, у Benedict.gifts ҳамда columbina.coffee қаҳвахоналар тармоғи асосчиси ҳисобланади.
Ўтган давр мобайнида компания томонидан молиявий транзакцияларни амалга оширишга мўлжалланган Zaytun мобил иловаси ишлаб чиқилиб, синовдан ўтказилган.
Компания сайтидаги маълумотларга кўра, ўз фаолияти доирасида "ZAYTUN TECH" АЖ молиявий операцияларни соддалаштириш, тўлов воситаларининг оммабоплигини ошириш ва фойдаланувчи тажрибасини яхшилашга қаратилган инновацион рақамли сервисларни ривожлантиришни режалаштирмоқда. Компания Ўзбекистон финтех-экотизимини ривожлантиришга ҳисса қўшишни ҳамда тақдим этилаётган хизматларнинг юқори сифати ва хавфсизлигини таъминлашга интилади.
Эслатиб ўтамиз, Марказий банк сайтиа келтрилишича, 2026 йил бошидан бери 4 та компания тўлов ташкилоти лицензиясини олган. Булар Digital Pay, Paypoint, Whirl ҳамда Zaytun Tech компанияларидир.
