Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

29.04.2026 11:16

50

Ўзбекистон Марказий банки инфляцияни жиловлаш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш мақсадида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди. Регулятор иқтисодиётдаги юқори талаб ва ташқи хатарлар фонида қатъий пул-кредит сиёсатини давом эттиришини билдирган.

Фото: Bankers.uz

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2026 йил 29 апрелдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ушбу қарор инфляцияни 5 фоизлик таргет даражасигача барқарор пасайтириш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш мақсадида қатъий пул-кредит шароитларини давом эттириш зарурати билан изоҳланмоқда.

Умумий инфляция даражаси пасайиш тенденциясини намоён этиб, март ойи якунларига кўра йиллик 7,1 фоизгача тушди. Бунга асосан айрим товарлар бўйича ўтган йилги юқори база таъсирларининг чиқиб кетиши сабаб бўлган бўлиб, базавий инфляция кўрсаткичи 5,7 фоизни ташкил этди. Иқтисодиётдаги инфляцион кутилмалар ҳам пасайишда давом этаётган бўлса-да, ҳали ҳамон прогноз кўрсаткичларидан юқорироқ шаклланмоқда. Шу билан бирга, сўнгги ойларда нархлар барқарорлашувининг секинлашиши кузатилмоқда ва бу жараёнга ташқи омиллар таъсири сақланиб қолмоқда. Янгиланган прогнозларга асосан, 2026 йил якунлари бўйича умумий инфляция 6,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.

Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатда иқтисодий фаоллик жадаллашиб, ялпи ички маҳсулот реал ҳисобда 8,7 фоизга ўсди. Хусусан, хизмат кўрсатиш, қурилиш ва савдо соҳаларидаги фаоллашув иқтисодиётда ялпи талаб омиллари устуворлигини кўрсатмоқда. Мамлакатга жалб этилаётган инвестициялар, жумладан, тўғридан-тўғри хорижий сармоялар ҳажмининг барқарор ошиб бориши келгуси чоракларда ҳам иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлайди. Марказий банк мазкур ижобий омилларни инобатга олган ҳолда, 2026 йил учун иқтисодий ўсиш бўйича прогнозларни 7-7,5 фоизгача оширди.

Ташқи иқтисодий шароитдаги ўзгаришлар ва геосиёсий зиддиятларнинг кучайиши фонида жаҳон бозорида нефть ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ошиши бўйича хатарлар юзага келмоқда. Ушбу ҳолат логистика ва ташиш харажатларининг ортиши билан биргаликда, келгусида импорт нархлари орқали ички инфляцияга қўшимча босим яратиши эҳтимоли мавжуд. Бироқ, асосий савдо ҳамкор давлатлар валюталарининг мустаҳкамланиши, жаҳон бозорида олтин нархининг юқори даражада сақланиб қолаётгани, шунингдек, экспорт тушумлари ва пул ўтказмаларининг барқарор ўсиши ички валюта бозоридаги таклифни етарли даражада қўллаб-қувватламоқда.

Иқтисодиётда реал ҳисобда ижобий фоиз ставкаларининг сақланиб қолиши аҳолининг жамғаришга бўлган мойиллигини рағбатлантиришга ва кредитлаш суръатларининг мўтадиллашувига хизмат қилмоқда. Регулятор инфляция динамикаси, инфляцион кутилмалар ҳамда ташқи хатарларни диққат билан кузатиб боришини маълум қилди. Инфляцияни оширувчи омиллар кучайган тақдирда, пул-кредит шароитларининг етарли даражада қатъийлиги таъминланади.

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2026 йил 17 июнь куни бўлиб ўтиши режалаштирилган.


Теглар:

#асосий_ставка

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган