Акциядорлик тижорат “Алоқабанк” 28 декабрь куни банк акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказади. Бу ҳақда молия муассасаси Корпоратив ахборот ягона порталида хабар қолдирди.
Йиғилиш кун тартибида қуйидаги масалалар қўйилган:
- АТ “Алоқабанк” акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши регламентини тасдиқлаш.
- АТ “Алоқабанк”нинг 2021 йил 28 июндаги акциядорлар йиллик умумий йиғилиши кун тартибидаги 8-масала бўйича қабул қилинган қарорни бекор қилиш.
- АТ “Алоқабанк”нинг 2021 йил иш фаолияти якуни бўйича Халқаро стандартларга мувофиқ аудиторлик ҳисоботи ва хулосасини тайёрлаш учун Банкнинг 2021 йил 28 июндаги акциядорлар йиллик умумий йиғилиши кун тартибидаги 8-масала бўйича қабул қилинган қарори билан белгилаб берилган ҳақ миқдорни ошириш ёки аудиторлик ташкилотини қайта танлаш.
- АТ “Алоқабанк”нинг янги таркибда банк Кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш.
Навбатдан ташқари умумий йиғилиш 28 декабр куни соат 11-00да масофадан туриб электрон овоз бериш хизмати орқали ташкиллаштирилади.