Raiffeisen Bank International Ўзбекистонда вакиллик ҳисобварақларини очди

23.04.2026 10:14

182

Австриянинг «Raiffeisen Bank International» (RBI) банки Ўзбекистон ички молия бозорида кастодиан хизматларини кўрсатишни бошлайди. Мазкур жараён доирасида Марказий банкда RBI учун миллий ва хорижий валютада вакиллик ҳисобварақлари очилди.

Фото: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

Марказий банк Австриянинг “Raiffeisen Bank International AG” (RBI) банки учун миллий ва хорижий валютада вакиллик ҳисобварақлари очилганини маълум қилди. Мазкур ҳамкорлик келишуви жорий йилнинг 22 апрель куни RBI Бошқарув кенгаши аъзоси Райнер Шнабл ҳамда Бош вазир ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида бўлиб ўтган учрашув доирасида расмийлаштирилди. Музокараларда Ўзбекистон томонидан халқаро молия бозорларида миллий валютада 12,25 фоиз ставкада 12,2 триллион сўмлик суверен халқаро облигациялар жойлаштирилгани юқори баҳоланди.

Ташриф давомида RBI ва Ўзбекистон Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ўртасида корреспондентлик муносабатларини ўрнатиш ҳамда ҳисобварақ очиш бўйича шартнома имзоланиб, Марказий банкда ҳисобварақ очилганлиги тўғрисидаги расмий тасдиқнома RBI вакилларига тақдим этилди. Бу орқали RBI Ўзбекистон ички молия бозорига хорижий инвесторларни жалб қилиш мақсадида кастодиан хизматларини кўрсатишни йўлга қўяди.

Тақдим этилган маълумотларга кўра, ушбу механизмнинг йўлга қўйилиши орқали, энг аввало, давлат қимматли қоғозлари (ДҚҚ) иккиламчи бозорида хорижий инвесторлар иштирокини таъминлаш кўзда тутилган. Бундан кўзланган асосий мақсад — бозорда савдолар ҳажмини ошириш ва шу асосда бенчмарк муддатлар бўйича даромадлилик эгри чизиғининг (yield curve) соф бозор тамойиллари асосида шаклланишига эришишдир.

Шунингдек, мазкур ҳамкорлик доирасида хорижий капитал оқими ҳисобига иқтисодиётдаги узоқ муддатли молиявий ресурсларни барқарорлаштириш назарда тутилган. Молиявий инструментлар ликвидлигининг ортиши эса, Марказий банк пул-кредит сиёсати трансмиссияси самарадорлигини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Маълумот ўрнида: “Raiffeisen Bank International” (RBI) — жами активлари 190 миллиард евродан ошадиган, Австриянинг учинчи энг йирик банки ҳисобланади. Бош қароргоҳи Вена шаҳрида жойлашган ушбу молия муассасаси Марказий ва Шарқий Европанинг 12 та давлатида шўъба банкларига эга ҳамда дунёнинг 30 га яқин мамлакатида фаолият юритади.

Теглар:

#Марказий банклар#Raiffeisen Bank International # ҳисобварақла

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган