Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан 2026 йилнинг I чораги якунлари бўйича ички валюта бозоридаги ҳолат юзасидан расмий шарҳ эълон қилинди. Тақдим этилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг январ-март ойларида Ўзбекистон ички валюта бозорида хорижий валютага бўлган талаб ва таклиф ҳажмининг барқарор ўсиш динамикаси қайд этилиб, валюта таклифининг ўсиш суръати талабга нисбатан бироз юқори шакллангани кузатилган.

Манба: Марказий банк ҳисоб-китоблари
Хусусан, валютага бўлган умумий талаб ҳажми 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 24 фоизга ошган ҳолда 14,6 млрд АҚШ долларини ташкил этган бўлса, таклиф ҳажми (Марказий банк операцияларини ҳисобга олмаганда) 27 фоизга ўсиб, 12,2 млрд долларга етган.
Ҳисобот даврида юридик шахсларнинг валютага бўлган талаби 23 фоизга ошиб, уларнинг 11 фоизлик валюта таклифидан тезроқ ўсгани қайд этилган. Хўжалик юритувчи субъектларнинг экспорт тушумлари ҳисобидан валюта таклифи 19 фоизга ошиб, 4,2 млрд долларни ташкил этган ҳамда ушбу маблағнинг 52 фоизи, яъни 2,2 млрд доллари бевосита ички бозорда сотилган.
Бунга қўшимча равишда, тижорат банклари томонидан хорижий кредитлар жалб қилиниши ҳисобидан валюта бозорига ўтган йилга нисбатан 65 фоиз кўп, яъни жами 2,3 млрд долларлик маблағлар чиқарилиши таъминланган. Импорт операцияларини молиялаштириш борасида конвертация қилинган, яъни ички бозорда харид қилинган маблағлар улуши 60,7 фоиздан 66,3 фоизгача ошгани, хорижий валютадаги ўз маблағлари ҳисобига молиялаштириш улуши эса 25,6 фоиздан 22 фоизгача пасайгани кузатилган.

Манба: Марказий банк ҳисоб-китоблари
Харид қилинган валюта маблағларининг 47 фоизи ишлаб чиқариш асбоб-ускуналари ва хомашё импортига, 29 фоизи хорижий кредитларни сўндиришга, шунингдек, 20 фоизи халқ истеъмоли товарлари ҳамда дори-дармон харидига йўналтирилган.

Манба: Марказий банк ҳисоб-китоблари
Аҳоли томонидан банкларга сотилган валюта ҳажми 1,5 баробарга ошиб, 6,0 млрд долларни, харид қилинган валюта эса 31 фоиз ўсиш билан 3,2 млрд долларни ташкил этган. Натижада, жисмоний шахслар операциялари бўйича ижобий сальдо 1,8 баробарга кўпайиб, 2,9 млрд долларга етган.

Манба: Марказий банк ҳисоб-китоблари
Бунга замин яратган халқаро пул ўтказмалари орқали мамлакатимизга кириб келган маблағлар 13 фоизга ўсиб, 3,8 млрд долларни ташкил қилган бир пайтда, четга жўнатилган валюта ҳажми 39 млн долларга қисқариб, 604 млн долларда шаклланган.
Манба: Марказий банк ҳисоб-китоблари
Юқорида қайд этилган юридик шахсларнинг юқори иқтисодий фаоллиги ҳамда импорт эҳтиёжларининг ортиши фонида миллий валюта курсига маълум даражада босим кузатилган. Бунинг таъсирида жорий йил бошидан Марказий банкнинг алмашув курси 1,5 фоизга пасайганлиги ҳамда икки томонлама кунлик тебранувчанлик даражаси 2025 йилнинг I чорагидаги ўртача 0,1 фоиздан (12 сўм) икки баробарга ошиб, ўртача 0,2 фоизни (қарийб 29 сўм) ташкил этганлиги маълум қилинди.
